Марказий банк инфляция босими туфайли асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк бошқаруви 2025 йил 24 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк бошқаруви 2025 йил 24 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14,0 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ушбу қарор инфляция жараёнлари ва иқтисодий хатарларни инобатга олган ҳолда, пул-кредит сиёсатининг қатъийлигини сақлаб қолиш орқали ўрта муддатда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Сўнгги ойларда умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнлар барқарорлашмаганини ҳамда вазиятнинг муаллақ ҳолатда қолаётганини кўрсатмоқда. Ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик, шунингдек, ташқи иқтисодий ноаниқликлар хавфларни кучайтириб, нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни талаб этмоқда.
Йил бошидан буён инфляция кўрсаткичлари ўсиш тенденциясида бўлиб, 2025 йил март ойи якунига кўра умумий инфляция 10,3 фоизни, базавий инфляция эса 8,1 фоизни ташкил этди. Бу талаб ва таклиф омилларининг биргаликда инфляцияга кучли босим ўтказаётганини тасдиқлайди.
Инфляцион кутилмаларга таъсир этувчи муҳим омиллардан бири — ёқилғи ва энергия таъминотининг яхшиланиши, шунингдек, алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланишидир. Март ойида аҳоли ва тадбиркорлар орасида инфляцион кутилмалар пасайган бўлса-да, улар ҳали ҳам жорий инфляция даражасидан юқори қолмоқда.
2024 йилда амалга оширилган энергия нархларини эркинлаштиришнинг биринчи босқичи II чорак якунига қадар ўз таъсирини йўқотади ва бу умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Шу билан бирга, халқаро савдо шароитларининг ёмонлашиши, ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши ва ташқи инфляцион босимларнинг кучайиши янги хавфларни келтириб чиқармоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунигача инфляция 7–8 фоизлик прогноз коридорининг юқори чегарасига яқинлашиши мумкин. Бундай шароитда Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатининг етарли даражада қатъийлиги сақлаб қолинади.
Жорий йил биринчи чорагида ялпи истеъмол ва инвестицион фаолликнинг ортиши иқтисодий ўсиш суръатларини 6,8 фоизгача тезлаштирди. Кредитлаш фаоллигининг ошиши ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори даражада бўлиши ҳам ялпи талабнинг ўсишига туртки берди.
Иқтисодий фаолликнинг юқори даражада сақланиши туфайли 2025 йил якунигача ялпи ички маҳсулот ўсиши тахминан 6 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда. Бу жараёнда хусусий инвестициялар ва таклифнинг ортиши асосий драйверлардан бири сифатида кўзга ташланмоқда.
Бошқа муҳим омиллар қаторида, асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ва миллий валюта — сўмнинг барқарорлиги ҳисобга олинмоқда. Бу омиллар фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда.
Пул-кредит шароитидаги жорий қатъийлик кредитлашнинг мўътадиллашуви ва депозитлар ўсишининг юқори суръатларини таъминлаш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, монетар омиллар томонидан инфляцияга бўлган босимнинг камайишига ҳам ҳисса қўшади.
Шунинг учун, Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз — йиллик 14,0 фоиз даражасида сақлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади сифатида ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасини 5 фоизгача пасайтириш белгиланган.
Май ойида амалга оширилиши кутилган энергия нархлари эркинлаштирилишининг навбатдаги босқичи инфляция ва инфляцион кутилмаларга иккиламчи таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай вазиятда Марказий банк пул-кредит шароитларини қайта кўриб чиқиши эҳтимоли мавжуд.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиш 2025 йил 12 июнь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 20 мартдаги йиғилишида Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоизга ошириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.