11 981.810 so‘m

decrease

-32.670

13 879.730 so‘m

increase

21.030

165.130 so‘m

decrease

-1.480

11 981.810 so‘m

decrease

-32.670

2 соат аввал
Банк
48

Марказий банк августдан банкоматлардаги носозликлар учун банкларни жаримага тортиши мумкин

2025 йилда банкоматлар орқали нақд пул ечиб олиш билан боғлиқ 291 мингта муаммоли ҳолат қайд этилган. Марказий банк 6 августдан бошлаб мижозларга хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган банкларга молиявий жарималар қўллашни бошлаши мумкин.

Марказий банк августдан банкоматлардаги носозликлар учун банкларни жаримага тортиши мумкин
Фото: AI/Pinkod.uz

6 августдан бошлаб банкоматлар орқали нақд пул ечиб олишда мижозларга хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган банкларга молиявий жарималар қўлланиши мумкин. Бу ҳақда 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди.

Мажлисда сенаторлар Марказий банкнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбидин Бурханов ўтган йили банкоматлар орқали нақд пул ечиб олиш билан боғлиқ қарийб 290 мингта носозлик ҳолати қайд этилганини билдирди.

Улар орасида банкомат нақд пул бермагани, маблағ картадан ечилиб, амалда берилмагани ёки банкомат ичида карта қолиб кетгани каби ҳолатлар мавжуд.

Сенаторнинг маълум қилишича, қарийб 10 мингта мурожаатни кўриб чиқиш 15 кундан ортиқ давом этган. Уч мингдан зиёд фуқаро эса муаммони ҳал қилиш учун ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Бурхановнинг таъкидлашича, техник носозликлар туфайли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асосий вазифалари — жиноятчиликнинг олдини олиш ўрнига банкоматлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга жалб этилган.

Шундан сўнг у Марказий банкдан бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг мурожаатларини тезроқ ҳал этиш бўйича қандай чоралар кўрилаётганини сўради.

Муаммоли операциялар улуши 0,08 фоизни ташкил этган

Марказий банк раиси Тимур Ишметов банкоматлар билан боғлиқ 291 мингта ҳолат юқори кўрсаткич эканини тан олди. Бироқ у 2025 йилда банкоматлар орқали жами 341 млн операция амалга оширилгани, муаммоли транзаксиялар улуши эса 0,08 фоизни ташкил этганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, носозликларнинг қарийб 85 фоизи бевосита банклар фаолияти билан боғлиқ бўлмаган.

Хусусан, ҳолатларнинг тахминан:

  • 20 фоизи банкоматда керакли номиналдаги банкнотлар мавжуд бўлмагани;
  • 20 фоизи карта блоклангани ёки ПИН-код нотўғри киритилгани;
  • 15 фоизи алоқа билан боғлиқ узилишлар;
  • 10 фоизи электр таъминотидаги муаммолар сабабли юзага келган.

Бевосита банклар ва тўлов тизимлари операторлари фаолиятига боғлиқ ҳолатлар эса қарийб 46 мингтани ёки умумий кўрсаткичнинг 15 фоизини ташкил этган.

Носозликлар истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳоланади

Ишметов Марказий банк банкоматлардаги ҳар бир операцияни алоҳида назорат қила олмаслигини таъкидлади. Шунга қарамай, регулятор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва банкларнинг хизмат сифати учун жавобгарлигини оширишни режалаштирмоқда.

“Биз меъёрлар орқали эмас, балки истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ёндашишни бошладик. Уларни ишлаб чиқиш узоқ вақт талаб қилади. Бундан буён меъёрларни шошилмасдан ишлаб чиқамиз, бироқ банкларга бу йўналишда ишлашимизни олдиндан тушунтириб, тегишли кўрсатма хатларини юборяпмиз”, — деди Марказий банк раиси.

Регулятор банкларга тўлов инфратузилмаси сифатини яхшилаш ҳамда нақд пул ечишдаги муаммоларни оддий техник носозлик эмас, балки мижозлар ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши сифатида кўриб чиқиш бўйича талаблар юборган.

Шунингдек, Марказий банк бу йўналишда бир қатор меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиққан. Улардан бири 6 августдан кучга киради. Ҳужжат банкоматлардан фойдаланишда мижозларга хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган банкларга молиявий жарималар қўллаш имконини беради.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+