11 813.090 so‘m

decrease

-7.390

13 677.200 so‘m

decrease

-88.930

135.610 so‘m

decrease

-1.900

11 813.090 so‘m

decrease

-7.390

Якин 2 соат ичида
Банк
30

Маҳалла банкирлари лойиҳаларни молиялаштириш усулларини билмаслиги танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчилари лойиҳаларни молиялаштириш усулларини етарли билмаслигини қайд этди. Янги тизимда туман штабларига жами 3,2 трлн сўмлик ресурсни мустақил тақсимлаш ваколати берилади. 100 та оилани кооперацияга жалб қилган тадбиркорлар 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Маҳалла банкирлари лойиҳаларни молиялаштириш усулларини билмаслиги танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда молиялаштириш тизимини ўзгартириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Янги тартибга кўра, туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, қайтариш муддатини узайтириш ҳамда тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилади.

Шунингдек, инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам штаблар ваколатига ўтказилади.

Ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1,37 трлн сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 млрд сўм кредит ресурси мавжуд. Туман штабларига ушбу маблағларни маҳаллий шароит ва лойиҳаларнинг самарадорлигидан келиб чиқиб йўналтириш имконияти берилади.

Туманлар ихтиёрига 3,2 трлн сўм йўналтирилади

Камбағаллик жамғармасидаги 240 млрд сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 млрд сўм ва учта “дафтар”даги 760 млрд сўм ҳам туман штаблари ихтиёрига берилади.

Бундан ташқари, Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун 2026 йил якунига қадар назарда тутилган 300 млрд сўмлик қолдиғи штаблар орқали ажратилади.

Шу тариқа, туманлар ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм ресурс йўналтирилиши маълум қилинди. Туман штаблари кредит билан бирга субсидия ёки фоизсиз ссуда бериш масаласини ҳам мустақил ҳал қилади.

Расмий хабарда санаб ўтилган ресурслар алоҳида қўшиб ҳисобланганда 3,22 трлн сўмни ташкил этади. Якуний миқдор эса яхлитланган ҳолда 3,2 трлн сўм деб кўрсатилган.

5 млрд сўмгача гаровсиз кредит берилади

Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 млн сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Агар тадбиркор 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, гаровсиз кредит миқдори 5 млрд сўмгача етади.

Шунингдек, кредит тарихида кечикиш қайд этилган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини ҳам индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.

Бу аввал кредит тўловини кечиктирган фуқаронинг аризаси автоматик рад этилмаслиги, унинг лойиҳаси ва ҳозирги молиявий имкониятлари алоҳида ўрганилишини англатади.

“Гарови борми?” ёндашуви танқид қилинди

Йиғилишда маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларининг лойиҳалар билан ишлаш кўникмалари танқидий баҳоланди.

Уларнинг аксарияти кимга кредит кераклиги, қайси лойиҳани лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағ ёки шартнома асосида молиялаштириш мумкинлигини тушунмаслиги қайд этилди.

Банкирлар ва ҳоким ёрдамчилари лойиҳани ўрганишдан олдин ҳамон “Гарови борми?” деган саволни қўяётгани танқид қилинди.

Бундан ташқари, тадбиркорларга кредит ажратишда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, кредитни қайтариш графиклари эса бизнес турига мослаштирилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Кредитларни қайтариш муддатларини деҳқончилик, савдо ва бошқа бизнес йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига қараб белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Молиялаштириш механизмлари ҳар чоракда янгиланади

Кредит, субсидия ва компенсация шартларини фармон ҳамда қарорлар билан белгилаш амалиётидан воз кечилиши маълум қилинди.

Энди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк ҳудудларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради.

Туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳабай” ишлаш тизимига ўтказади.

Бунинг учун 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари дастлаб вазифа бажарувчи этиб тайинланади. Кейинчалик фидойи ва ташаббускор ходимлар лавозимига қайта тайинланиб, фаолияти талабга жавоб бермайдиган кадрлар алмаштирилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+