Кўчмас мулк ва автомобиль савдосида эскроу ҳисобварағи орқали тўлов қилиш тартиби жорий этилади
1 апрелдан Ўзбекистонда уй-жой ва 10 йилгача бўлган автомобиллар олди-сотдисида нақд пулдан фойдаланиш тақиқланади.
Барча ҳисоб-китоблар харидор томонидан банкка ариза бериш орқали амалга оширилиб, келишилган маблағлар эскроу ҳисобварағига киритилади.
Банклар бу ҳақда нотариусларга электрон маълумот юборади ва нотариус шартномани тасдиқлашдан олдин ушбу маблағлар мавжудлигини тизим орқали текширади.

Адлия вазирлиги “Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисида”ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда уй-жой ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар сотиш ва сотиб олишда нақд пулдан фойдаланиб бўлмайди
Бундай олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумот алмашуви орқали текширилади.
Янги тартибга кўра, нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотди шартномаларини банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида нотариал тартибда тасдиқлайди. Бу эса ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганини автоматик равишда аниқлаш имконини беради.
Низомга мувофиқ, ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- Харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади;
- Шартнома бўйича келишилган пул маблағлари банк томонидан нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади;
- Агар шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан тузилса, эскроу ҳисобварағига тарафлар келишган бошланғич маблағ киритилади;
- Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит ҳисобидан амалга оширилганда, бу ҳақда кредит ажратаётган банк нотариусга электрон маълумот юборади;
- Харидор ёки унинг вакилининг банк картаси, талаб қилиб олингунча ҳисобварағи ёки электрон ҳамёни эскроу ҳисобварағи сифатида қўлланилиши мумкин;
- Тарафлар шартномани расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади;
- Нотариус эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлигини электрон тарзда текшириб, шартномани тасдиқлайди.
Шундан сўнг эскроу ҳисобварағидаги маблағлар сотувчи ёки унинг вакили ҳисобварағига ўтказилади. Уларнинг сўровига кўра маблағлар нақд шаклда ҳам тақдим этилиши мумкин.









