Кибержиноятчилар 2021–2024 йилларда фуқаролардан 1,9 трлн сўм ўғирлади
Фақатгина 2024 йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 603 млрд сўмни ташкил этди.
Кибержиноятларнинг 98 фоизини банк карталари билан боғлиқ ўғирлик ва фирибгарлик ҳолатлари ташкил қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони кескин даражада ошди. ИИВ ҳузуридаги Кибержиноятлар маркази маълумотларига кўра, охирги беш йил ичида бундай жиноятлар сони 68 бараварга кўпайган. Бу ҳақда 29 май куни мазкур марказда ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.
2024 йилда кибермаконда содир этилаётган жиноятлар сони 2023 йилга нисбатан 9,1 бараварга ўсган. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан киберхуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар сони 34 бараварга кўпайган.
Расмий маълумотларга кўра, 2021–2024 йиллар давомида кибержиноятлар оқибатида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинган. 2024 йилнинг ўзида эса зарар 603 миллиард сўмни ташкил этган. Бу рақамлар кибержиноятлар нафақат кўлам, балки молиявий оқибатлари жиҳатидан ҳам катта хавф солаётганини кўрсатади.
Кибержиноятларнинг асосий қисмини — 98 фоизини — банк карталари билан боғлиқ ўғирлик ва фирибгарлик ҳолатлари ташкил қилади. Уларни амалга оширишда эса қуйидаги усуллардан фойдаланилмоқда:
- 60 фоизи — зарарли ҳаволалар ёки дастурлар орқали қурилма ёки банк картаси бошқарувини қўлга киритиш;
- 16 фоизи — турли алдовлар билан SMS орқали тасдиқ кодини олиш;
- 4 фоизи — шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали;
- 11 фоизи — онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали;
- 9 фоизи — бошқа усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқаролар маблағларини ўзлаштириш тарзида содир этилмоқда.
Кибержиноятлар турлари ҳам кескин кўпайган. Масалан, 2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 62 турдаги 58 800 та жиноятга етган. Бу эса жиноятчилик таркибида кибержиноятлар улуши ортиб бораётганини англатади.
2023 йилда кибержиноятлар умумий жиноятлар сонининг 6,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 44,4 фоизга етган — яъни ҳар иккита жиноятдан бири интернет ва ахборот технологиялари орқали амалга оширилган.