12 035.260 so‘m

decrease

-15.080

13 710.570 so‘m

increase

25.000

151.460 so‘m

decrease

-1.830

12 035.260 so‘m

decrease

-15.080

Якин 37 дақиқа ичида
Банк
29

Кешбек ўрнига лотереяни таклиф қилган институт омонат фоизларига ҳам солиқ жорий этмоқчи

Фискал таҳлиллар институти банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этишни таклиф қилди.

Институт ҳисоб-китобига кўра, бу бюджетга йилига қарийб 1,4 трлн сўм тушириши мумкин. 

Аввалроқ айни институт 1 фоизлик кешбекни давлат лотереяларига алмаштириш ташаббусини илгари сурганди.

Кешбек ўрнига лотереяни таклиф қилган институт омонат фоизларига ҳам солиқ жорий этмоқчи

Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва фискал таҳлиллар институти жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ қўллашни таклиф қилди. Институт ҳисоб-китобига кўра, бу бюджетга йилига қарийб 1,4 трлн сўм тушириши мумкин.

Ташаббус Тошкентда ўтказилган “Фискал мулоқот” тадбирида илгари сурилган. Унга кўра, омонатлардан олинадиган фоиз даромадларини дивидендлар билан бир хил ставкада солиққа тортиш таклиф қилинмоқда.

Ҳозирча бу фақат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги институтнинг таклифи ҳисобланади. Солиқ жорий этилиши учун Солиқ кодексига ўзгартириш киритилиши ва у белгиланган тартибда қабул қилиниши керак.

Амалдаги Солиқ кодексининг 378-моддасига кўра, жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлар бўйича оладиган фоизлари ва ютуқлари даромад солиғидан озод қилинган. Дивидендлар ва бошқа фоиз кўринишидаги даромадларга эса 5 фоизлик ставка қўлланади

Институт омонатлар учун берилган имтиёзни бекор қилиб, улардан олинадиган даромадга ҳам 5 фоизлик солиқ солишни таклиф қилмоқда. Унинг маълумотига кўра, банк омонатлари бўйича фоизлар 1998 йилдан бери даромад солиғидан озод этилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида Ўзбекистон банкларидаги аҳоли омонатлари 179,8 трлн сўмга етган

Институт ҳисоб-китобида омонатларнинг ўртача йиллик даромадлилиги 16 фоиз деб олинган. Бундай шароитда аҳоли бир йилда тахминан 27,2 трлн сўм фоиз даромади олиши мумкин. Унга 5 фоизлик солиқ қўлланса, бюджет тушуми 1,36 трлн сўмни ташкил этади.

Масалан, 100 млн сўмни йиллик 16 фоиз ставкада банкка қўйган омонатчи бир йилда 16 млн сўм даромад олади. Таклиф қабул қилинса, фоиз даромадидан 800 минг сўм солиқ ушлаб қолинади ва омонатчига 15,2 млн сўм қолади.

Шу тариқа, солиқ омонатнинг асосий суммасига эмас, фақат ундан олинган даромадга қўлланади. Бироқ 16 фоизлик омонатнинг солиқдан кейинги амалдаги даромадлилиги 15,2 фоизгача, яъни 0,8 фоиз пунктга камаяди.

Айни пайтда 1,36 трлн сўмлик бюджет тушуми шартли ҳисоб-китоб ҳисобланади. Ҳақиқий сумма омонатларнинг муддати, валютаси, фоиз ставкаси ва айрим тоифадаги омонатчиларга имтиёзлар сақланишига қараб фарқ қилиши мумкин.


Бу институтнинг аҳоли манфаатларига бевосита таъсир қиладиган биринчи фискал ташаббуси эмас. 

Аввалроқ ташкилот харидлар учун бериладиган 1 фоизлик кешбекдан босқичма-босқич воз кечиб, унинг ўрнига давлат лотереяларини жорий этишни таклиф қилганди.

Ўша ҳисоб-китобда кешбек тизими 2026 йилда бюджетга 1,8 трлн сўмга тушиши, лотерея учун эса 100 млрд сўм етиши айтилган. Бу кешбек ўрнига лотерея жорий этилса, бюджет харажатларини қарийб 1,7 трлн сўмга камайтириш мумкинлигини англатади.

Институтнинг шартли ҳисоб-китоблари бўйича, кешбекни лотереяга алмаштириш ва омонат фоизларига солиқ жорий этиш бюджетга жами 3 трлн сўмдан ортиқ қўшимча фискал самара бериши мумкин. Бироқ ҳозирча ҳар икки ташаббус ҳам таклиф босқичида қолмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+