11 986.560 so‘m

increase

26.470

13 691.650 so‘m

increase

21.270

152.090 so‘m

decrease

-0.440

11 986.560 so‘m

increase

26.470

1 соат аввал
Work&life
44

Испания 53,5 млн, Ўзбекистон 12,5 млн доллар: ЖЧ терма жамоаларга қанча пул олиб келди?

2026-йилги Жаҳон чемпионатидан энг катта даромадни ФИФАнинг ўзи олди. Ташкилотнинг 2023–2026 йиллардаги умумий тушуми 15 млрд доллардан ошиши кутилмоқда, терма жамоаларга эса жами 871 млн доллар тақсимланди. Чемпион Испанияга 53,5 млн доллар, гуруҳ босқичида қолган Ўзбекистонга эса 12,5 млн доллар тўғри келди.

Испания 53,5 млн, Ўзбекистон 12,5 млн доллар: ЖЧ терма жамоаларга қанча пул олиб келди?

ФИФА дастлаб 2026-йилги Жаҳон чемпионати иштирокчилари учун 727 млн доллар ажратишни режалаштирган эди. Бироқ 28 апрелда жамғарма яна 144 млн долларга ёки қарийб 20 фоизга оширилиб, 871 млн долларга етказилди.

Бунга Европа футбол федерацияларининг АҚШ, Канада ва Мексикадаги узоқ масофалар, меҳмонхона ва бошқа ташкилий харажатлар юқорилиги бўйича билдирган эътирозлари сабаб бўлди.

Янгиланган тартибга кўра, барча 48 та терма жамоага натижасидан қатъи назар, турнирга тайёргарлик учун 2,5 млн доллардан берилди. Бундан ташқари, ҳар бир федерация жамоасининг қайси босқичгача етиб борганига қараб алоҳида мукофот олди. 

Жаҳон чемпиони Испания натижа учун 51 млн доллар ҳамда тайёргарлик учун 2,5 млн доллар олди. Шу тариқа, федерацияга ажратилган умумий тўлов 53,5 млн долларни ташкил этди.

Финалда Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган Аргентина эса 34 млн доллар мукофот ва 2,5 млн доллар тайёргарлик пули билан жами 36,5 млн долларга эга бўлди.

Учинчи ўринни эгаллаган Англияга 32,5 млн доллар, тўртинчи ўриндаги Францияга эса 30,5 млн доллар ажратилди.

Чорак ва нимчорак финалчилар

Чорак финалда турнирни тарк этган Норвегия, Белгия, Марокаш ва Швейтсария натижа учун 20 млн доллардан олди. Тайёргарлик пули билан ҳар бирининг умумий тўлови 22,5 млн долларга етди.

Турнирнинг 1/8 финал босқичида мағлуб бўлган саккизта жамоага 16 млн доллардан мукофот берилди. Тайёргарлик пули қўшилганда, уларнинг ҳар бири жами 18,5 млн доллардан олди. Булар қуйидаги жамоалардир

  • Мексика;
  • Колумбия;
  • Бразилия;
  • АҚШ;
  • Португалия;
  • Канада;
  • Миср;
  • Парагвай.

1/16 финалда мағлуб бўлганлар

Гуруҳдан чиққан, бироқ 1/16 финалда мағлуб бўлган 16 та терма жамоанинг ҳар бирига натижа учун 12 млн доллар ажратилди. Натижада тайёргарлик пули билан умумий тўлов 14,5 млн долларни ташкил этди.

Мазкур жамоалар қаторига Нидерландия, Германия, Кот-д’Ивуар, Хорватия, Япония, Австралия, Конго Демократик Республикаси, Гана, Эквадор, Жанубий Африка, Швеция, Австрия, Босния ва Герсеговина, Жазоир, Сенегал ҳамда Кабо-Верде кирди.

Ўзбекистон 12,5 млн доллар олди

Гуруҳ босқичидан чиқа олмаган 16 та терма жамоага 10 млн доллардан мукофот берилди. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бири 2,5 млн долларлик тайёргарлик пулига ҳам эга бўлди. Натижада ушбу жамоалар учун умумий тўлов 12,5 млн долларни ташкил этди.

Бу гуруҳга қуйидаги мамлакатлар кирди:

  • Эрон;
  • Жанубий Корея;
  • Туркия;
  • Шотландия;
  • Уругвай;
  • Саудия Арабистони;
  • Чехия;
  • Янги Зеландия;
  • Қатар;
  • Кюрасао;
  • Панама;
  • Иордания;
  • Гаити;
  • Ўзбекистон;
  • Тунис;
  • Ироқ.

Ўзбекистон турнирни учта мағлубият билан якунлаб, ФИФАнинг якуний таснифида 46-ўринни эгаллади. Шунга қарамай, мундиалда қатнашишнинг ўзи Ўзбекистон футбол ассоциациясига 12,5 млн доллар олиб келди.

Мазкур маблағнинг футболчилар, мураббийлар ва федерация ўртасида қандай тақсимланишини ФИФА эмас, Ўзбекистон футбол ассоциацияси белгилайди. Шу билан бирга, ФИФА 50 кишилик делегациянинг бизнес-классдаги авиачипталари, меҳмонхонаси ва мезбон мамлакатлар ичидаги транспорт харажатларини ҳам алоҳида қоплайди.

Таққослаш учун, 2022 йилда жаҳон чемпиони бўлган Аргентина 42 млн доллар мукофот олган эди. Бу сафар Испанияга натижа учун берилган 51 млн долларлик тўлов аввалги мундиал чемпиони мукофотидан 9 млн доллар ёки 21,4 фоизга кўп бўлди.

Энг катта молиявий ғолиб ФИФАнинг ўзи бўлди

Терма жамоалар ўртасида 871 млн доллар тақсимланган бўлса, турнирнинг энг катта молиявий ғолиби ФИФАнинг ўзи бўлди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан кейин ташкилотнинг 2023–2026 йиллардаги даромади 15 млрд доллардан ошишини маълум қилди. ФИФА дастлаб мазкур тўрт йиллик даврда 11 млрд доллар тушум олишни режалаштирган эди. Натижада даромад дастлабки прогноздан камида 4 млрд доллар ёки 36 фоизга юқори бўлиши кутилмоқда. ФИФА маълумотига кўра, бунга 2026-йилги мундиалнинг тижорий муваффақияти катта таъсир кўрсатган.

Таққослаш учун, 2019–2022 йиллардаги аввалги молиявий циклда ФИФА 7,57 млрд доллар даромад олган. Демак, ташкилотнинг тўрт йиллик тушуми бу сафар қарийб икки бараварга ошмоқда.

Даромаднинг асосий қисми телетранслятсия ҳуқуқлари, ҳомийлик ва маркетинг шартномалари, чипта савдоси, лицензиялаш ҳамда қиммат hospi пакетларидан шаклланган. Турнирнинг 48 жамоа ва 104 та ўйингача кенгайтирилиши ҳам ФИФАга кўпроқ тижорий имконият яратди.

Терма жамоаларга ажратилган 871 млн доллар ФИФАнинг 2023–2026 йиллардаги кутилаётган умумий даромадининг 6 фоизига ҳам етмайди. Бироқ 15 млрд доллар ФИФАнинг соф фойдаси эмас, балки бутун тўрт йиллик циклдаги умумий тушумидир. Ташкилотнинг якуний харажатлари ва соф молиявий натижаси йиллик ҳисобот эълон қилингач маълум бўлади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+