Иракли Элашвили Асакабанк бошқаруви раиси этиб тайинланди
Иракли Элашвили Асакабанк бошқаруви раиси этиб тайинланди. Банк-молия соҳасида 20 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга мутахассис аввал Ипотека-банк бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Янги раҳбар банкнинг трансформация жараёнларини давом эттириш ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш ишларига раҳбарлик қилади.

“Асакабанк” АЖ бошқаруви раиси лавозимига Иракли Давидович Элашвили тасдиқланди. Бу ҳақда банк матбуот котиби хабар берди.
Янги раҳбар банк-молия соҳасида 20 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга. У 2025 йилдан 2026 йил сентябригача Ипотека-банк бошқаруви раисининг ўринбосари ҳамда Корпоратив банк хизматлари ва бозор инструментлари блоки раҳбари сифатида ишлаган.
Элашвили фаолияти давомида Буюк Британиянинг Barclays Bank, Франциянинг BNP Paribas, Грузиянинг TBC Capital ва FINCA Bank Georgia молия ташкилотларида турли раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Шунингдек, Ҳамкорбанк кузатув кенгашининг мустақил аъзоси сифатида ҳам фаолият юритган.
У 2002 йилда Тбилиси давлат университетининг банк иши ва молия йўналишини тамомлаган. 2008 йилда эса London Business School’да бизнес бошқаруви бўйича MBA даражасини олган.
Асакабанк маълумотига кўра, янги раҳбар олдига банкнинг трансформация жараёнларини давом эттириш, корпоратив бошқарув ва операцион самарадорликни ошириш, рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари қўйилган.
Бундан ташқари, банкнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва уни хусусийлаштириш жараёнларига тайёрлаш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.









