11 899.090 so‘m

increase

1.190

13 298.420 so‘m

decrease

-37.940

141.530 so‘m

increase

1.350

11 899.090 so‘m

increase

1.190

4 соат аввал
Иқтисодиёт
55

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти кимларга берилди ва улар қандай кашфиёт қилди?

Америкалик иқтисодчилар Роберт Холл ва Майкл Вудфорд 2026 йилги иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари бўлди. 

Улар иқтисодий инқирозлар ва инфляция оқибатларини юмшатишда марказий банклар ҳамда ҳукуматларга ёрдам берадиган макроиқтисодий моделларни ишлаб чиққани учун тақдирланди.

Мукофот миқдори 12 млн Швеция кронасини ёки тахминан 1,2 млн долларни ташкил этади.

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти кимларга берилди ва улар қандай кашфиёт қилди?

Швеция Қироллик фанлар академияси 12 октябрь куни иқтисодиёт бўйича 2026 йилги Нобель мукофоти лауреатларини эълон қилди. Мукофот Стенфорд университети профессори Роберт Э. Холл (Robert E. Hall) ва Колумбия университети профессори Майкл Вудфордга (Michael Woodford) берилди.

Олимлар макроиқтисодий барқарорлаштириш сиёсатининг микроиқтисодий асосларини ишлаб чиққани учун тақдирланди. Уларнинг тадқиқотлари иқтисодиётдаги ўсиш ва пасайиш даврларини юмшатиш, инфляцияни жиловлаш ҳамда инқироз шароитида самаралироқ қарорлар қабул қилиш имкониятини кенгайтирган.

Академия маълумотларига кўра, лауреатлар яратган моделлар пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати чораларини қачон ва қандай қўллаш кераклигини аниқлашга ёрдам беради. Хусусан, иқтисодий фаоллик пасайганда уни рағбатлантириш, иқтисодиёт ҳаддан ташқари қизиғида эса талабни чеклаш имконини беради.

Олимларнинг асосий кашфиёти нимада?

Роберт Холлнинг тадқиқотлари аҳоли истеъмол харажатлари фақат бугунги даромадга эмас, балки келажакдаги даромад ҳақидаги кутилмаларга ҳам боғлиқлигини кўрсатган.

У 1978 йилда эълон қилган илмий ишида истеъмол харажатларининг ўзгаришини олдиндан аниқ башорат қилиш қийинлигини асослаган. Чунки одамлар харажатлар тўғрисидаги қарорларини янги маълумотлар ва келажакдаги молиявий имкониятларига қараб ўзгартиради.

Майкл Вудфорд эса иқтисодий субъектларнинг келажакдаги фоиз ставкалари ва нархлар ҳақидаги кутилмалари пул-кредит сиёсати самарадорлигига қандай таъсир қилишини ўрганган.

Нима учун бу тадқиқотлар муҳим?

1970 йиллардаги нефть инқирозлари анъанавий иқтисодий моделлар имкониятлари чекланганини кўрсатган. Ўша даврда кўплаб ривожланган мамлакатлар бир вақтнинг ўзида юқори инфляция, ишсизлик ва суст иқтисодий ўсиш муаммоларига дуч келган.

Бундай шароитда иқтисодиётни давлат харажатлари орқали рағбатлантириш ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаган.

Холл ва Вудфорднинг ишлари эса иқтисодий моделларни алоҳида истеъмолчилар ва компанияларнинг қарорлари билан боғлашга ёрдам берди.

Натижада замонавий макроиқтисодий сиёсатда нафақат иқтисодий ўсиш ва инфляция кўрсаткичлари, балки аҳоли ҳамда бизнеснинг келажак ҳақидаги кутилмалари ҳам муҳим омил сифатида қарала бошланди.

Бу ёндашув марказий банкларнинг фоиз ставкалари бўйича қарорларини, инфляция прогнозларини ва пул-кредит сиёсати юзасидан коммуникациясини шакллантиришда қўлланади.

Мукофот миқдори 1,2 млн доллар

2026 йилда Нобель мукофотининг иқтисодиёт йўналишидаги пул мукофоти 12 млн Швеция кронасини ташкил этади. Маблағ икки лауреат ўртасида тенг тақсимланади. Шундай қилиб, ҳар бир олим 6 млн кронадан олади.

Мукофотлаш маросими анъанавий равишда 10 декабрь куни, Альфред Нобель вафот этган санада ўтказилади.

Иқтисодиёт бўйича мукофот бошқа Нобель мукофотларидан фарқли равишда Альфред Нобель васиятномасида назарда тутилмаган. У 1968 йилда Швеция марказий банки томонидан таъсис этилган ва илк бор 1969 йилда топширилган.

Расмий номи — “Альфред Нобель хотирасига иқтисодий фанлар бўйича Швеция банки мукофоти”. Ғолибларни Швеция Қироллик фанлар академияси аниқлайди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+