11 990.540 so‘m

decrease

-12.390

13 136.840 so‘m

decrease

-19.570

146.240 so‘m

decrease

-0.500

11 990.540 so‘m

decrease

-12.390

Якин 2 соат ичида
Иқтисодиёт
40

Ипотека кредити учун субсидия олиш тартиби қандай?

Бугун соат 10:00 дан 2026 йилда ажратилган, аммо фойдаланилмай қолган ипотека субсидиялари учун аризалар қабули қайта очилади. 

Pinkod субсидия кимларга берилиши, 30 балл қандай тўпланиши ва давлат ипотека харажатларининг қанча қисмини қоплашини тушунтиради. 

Ипотека кредити учун субсидия олиш тартиби қандай?

Ариза қаерда топширилади?

Аризани Давлат хизматлари марказида, MyGov мобил иловасида ёки my.gov.uz портали орқали топшириш мумкин. Ҳарбий тузилмалар ходимлари Давлат хизматлари марказига бевосита мурожаат қилиши мумкин.

MyGov’да хизмат бепул, аризага алоҳида ҳужжат илова қилиш талаб этилмайди. Порталда хизмат кўрсатиш муддати 4 иш куни экани кўрсатилган.

Субсидия олиш учун 30 балл қандай тўпланади?

Субсидия ажратиш тартибига кўра, талабгор ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши керак. Ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида Ўзбекистоннинг ҳеч бир ҳудудида мулк ҳуқуқи асосида турар жой бўлмаса, 20 балл берилади. Даромад мезони бўйича яна 5 ёки 10 балл олиш мумкин.

Даромад чегаралари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғланган. Бу миқдор 2026 йил 1 сентябрдан 1 360 000 сўм этиб белгиланган. Шунга кўра, ўртача ойлик даромад қуйидагича баҳоланади.

Ҳудуд10 балл5 балл
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар3 672 000 сўмдан 9 520 000 сўмгача9 520 000 сўмдан юқори, 10 880 000 сўмгача
Тошкент шаҳри3 672 000 сўмдан 10 880 000 сўмгача10 880 000 сўмдан юқори, 12 512 000 сўмгача

Турар жой мезонидан 20 балл, даромаддан 10 балл олган талабгор минимал чегарага етади. Даромаддан 5 балл олган талабгорга эса яна камида 5 балл керак. Даромад ёки турар жой мезонидан балл олинмаса, субсидия ажратилмайди.

Кимларга қўшимча балл берилади?

Қуйидаги тоифаларга қўшимча балл берилади:

  • “Хорижда иш” тизимида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига — 10 балл.
  • Олис ҳудудга ишлаш учун келган олий маълумотли мутахассислар, тиббиёт ходимлари ва тегишли профессионал таълим ўқитувчиларига — 5 балл.
  • 30 ёшдан ошмаган фуқароларга — 5 балл.
  • Ажрашган, бева ёки ёлғиз она тоифасига мансуб аёлларга — 5 балл.
  • “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” тизимининг “Тиббий-ижтимоий экспертиза” модулида рўйхатдан ўтган шахсларга — 5 балл.

Талабгор бир нечта тоифага мос келса, қўшимча балл фақат битта мезон бўйича берилади.

Кредит тарихи қандай текширилади?

Ариза берувчининг кредит тарихи дастурда қатнашаётган 15 та тижорат банкидан камида биттасининг ички талабларига мос келиши керак. Банклар кредит тарихини баҳолай олиши учун талабгор OneID тизимида маълумотлардан фойдаланишга рухсат бериши лозим. Кредит тарихини олишга вақтинча чеклов қўйилган бўлса, ариза рад этилади.

Субсидия қанча ва нималарни қоплайди?

2026 йилги ипотека дастурида бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 30 млн сўм субсидия кўзда тутилган. Амалдаги низомга кўра, кредитнинг дастлабки беш йилида фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми ҳам қопланади.

Бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун ажратиладиган ипотека кредитларини давлат дастури доирасида қайта молиялаштиришнинг юқори чегараси қуйидагича.

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 380 млн сўмгача.
  • Тошкент шаҳрида — 480 млн сўмгача. Янги Тошкентдаги кўп квартирали уйларга ҳам шу шартлар татбиқ этилади.

Ижобий хабарнома олган талабгор ипотека кредити учун банкка мурожаат қилади. Кредит бўйича қарорни банк даромад, қарз юки, бошланғич бадал ва квартира қийматини ҳисобга олиб қабул қилади.

Қайси ҳолларда ариза рад этилади?

Қуйидаги ҳолатлар аризани рад этиш учун асос бўлади.

  • Талабгор 30 баллдан кам тўплаган ёки ижтимоий мезонларга мос келмаган.
  • Ҳисобга олинадиган ўртача ойлик даромад белгиланган чегарадан ташқарида.
  • Аризада нотўғри ёки сохта маълумот кўрсатилган.
  • Талабгор ёки унинг турмуш ўртоғи илгари ипотека субсидиясидан фойдаланган. Бу қоида аввалги кредит тўлиқ ёпилган ёки уй-жой сотилган ҳолларда ҳам амал қилади.
  • Ҳудуд учун ажратилган субсидия лимити тугаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+