“Ипотека банк” вафот этган ходимининг оиласига моддий ёрдам ажратиб, унинг ипотека қарзини тўлиқ қоплайди
“Ипотека банк” OTP Group’да иш вақтида соғлиги ёмонлашиб, кейинчалик вафот этган ходим Қозоқов Қаҳрамон Абдуллаевичнинг оиласига 80 млн сўмдан ортиқ моддий ёрдам ажратилади. Шунингдек, банк марҳумнинг 257 млн сўмдан ортиқ ипотека қарзини тўлиқ қоплаб беришга қарор қилди.

Февраль ойида “Ипотека банк” OTP Group’нинг кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган ходими иш жараёнида соғлиги ёмонлашгани сабабли шифохонага ётқизилган. Бироқ ходим касалхонада вафот этган.
Маълум қилинишича, “Ипотека банк” OTP Group марҳум ходим — Қозоқов Қаҳрамон Абдуллаевичнинг вафоти муносабати билан чуқур ва самимий ҳамдардлик билдириб, унинг оиласи ва яқинларига таъзия изҳор этган.
Банк раҳбарияти вафот этган ходимнинг оиласини қўллаб-қувватлаш мақсадида ички норматив ҳужжатларга мувофиқ молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Хусусан, оила боқувчисини йўқотгани муносабати билан тахминан 44,5 млн сўм миқдорида моддий ёрдам олади.
Бундан ташқари, йиллик бонус сифатида оилага 38 млн сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилиши белгиланган.
Шунингдек, банк ҳамдардлик ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида марҳум ходимнинг 257 млн сўмдан ортиқ ипотека қарзини тўлиқ қоплаш тўғрисида қарор чиқарган.
“Банк Қозоқов Қаҳрамон Абдуллаевичнинг банк ривожига қўшган ҳиссаси учун чин дилдан миннатдорлик билдиради ва яна бир бор унинг оила аъзолари, яқинлари ҳамда дўстларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади”, — дейилади хабарда.









