Instagram, TikTok ва YouTube болаларни атайлаб платформаларга қарам қилганликда айбланмоқда
АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бошланган суд жараёнида Instagram, TikTok ва YouTube болаларни атайин ўз платформаларига қарам қилиб қўйганликда айбланмоқда.
Даъвогарларга кўра, фойда орттиришга қаратилган дизайн ва алгоритмлар болалар руҳий саломатлигига жиддий зарар етказган.
Жараён давомида Мета раҳбари Марк Цукербергнинг судда кўрсатма бериши кутилмоқда.

Бу ҳафта АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида жуда муҳим суд жараёни бошланмоқда. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Унда дунёнинг учта йирик технология компанияси Instagram (Meta), TikTok (ByteDance) ва YouTube (Google) болаларга зарар етказганликда айбланмоқда. Даъвогарларга кўра, бу платформалар болаларни атайлаб ўзига қарам қилиб қўядиган қилиб яратилган ва бу уларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.
Суд ишининг марказида 19 ёшли қиз турибди. У болалигидан ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланганини, бунинг оқибатида депрессия ва ўз жонига қасд қилиш фикрлари кучайганини айтмоқда. Даъвога кўра, бу тасодиф эмас — компаниялар фойдани ошириш учун махсус дизайн ечимлари орқали болаларни иложи борича узоқроқ вақт экранга михлаб қўйишни мақсад қилган.
Даъвогарлар ижтимоий тармоқларни қимор автоматлари ва тамаки маҳсулотлари билан қиёслаяпти. Яъни, одамни қарам қиладиган механизмлар атайлаб қўлланган, болалар эса бу тизимнинг бевосита нишонига айланган, дейилмоқда.
Агар суд бу фикрни қўллаб-қувватласа, технология компаниялари ҳозиргача таянган асосий ҳуқуқий ҳимояларидан, жумладан сўз эркинлиги ва фойдаланувчилар жойлаган контент учун жавобгарликдан озод қилувчи нормалардан маҳрум бўлиши мумкин.
Судда Meta бош директори Марк Сукерберг каби юқори лавозимли раҳбарлар ҳам гувоҳлик бериши кутилмоқда. Жараён 6–8 ҳафта давом этади.
Мутахассислар бу ишни 1990 йилларда тамаки компанияларига қарши ўтказилган йирик судлар билан солиштирмоқда. Ўшанда тамаки ишлаб чиқарувчилар миллиардлаб доллар тўлашга ва болаларга қаратилган рекламалардан воз кечишга мажбур бўлган эди.
Технология компаниялари эса айбловларни рад этмоқда. Улар болаларни ҳимоялаш учун кўплаб хавфсизлик чораларини жорий қилганини, шунингдек, руҳий саломатлик муаммоларини фақат ижтимоий тармоқлар билан боғлаш нотўғри эканини айтмоқда. Уларнинг фикрича, ўсмирлар руҳий ҳолатига ўқиш босими, ижтимоий муаммолар, хавфсизлик, иқтисодий шароит ва бошқа кўплаб омиллар таъсир қилади.
Бу иш АҚШда биринчиси эмас. Жорий йилдан бошлаб АҚШда ижтимоий тармоқларга қарши болалар руҳий саломатлигига зарар етказганлик бўйича кўплаб судлар бошланади. 40 дан ортиқ штат бош прокурорлари Метаъга қарши даъво киритган. TikTok ҳам ўнлаб штатларда шунга ўхшаш айбловларга дуч келмоқда.









