12 014.480 so‘m

decrease

-39.550

13 858.700 so‘m

decrease

-73.350

166.610 so‘m

decrease

-0.440

12 014.480 so‘m

decrease

-39.550

20 дақиқа аввал
Work&life
42

Илон Маск тарихдаги илк триллионерга айланди

SpaceX’нинг рекорд даражадаги IPOсидан кейин Илон Маскнинг бойлиги $1,1 трлндан ошиб, у тарихдаги биринчи триллионерга айланди. Компания жойлаштириш орқали $75 млрд жалб қилди ва унинг бозор қиймати қарийб $1,77 трлнга етди.

Илон Маск тарихдаги илк триллионерга айланди
Фото: AI/Pinkod.uz

Америкалик тадбиркор Илон Маск Forbes ва Reuters ҳисоб-китобларига кўра, тарихдаги илк триллионерга айланди. Бунга SpaceX компаниясининг рекорд миқдордаги акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириши сабаб бўлди.

SpaceX IPO доирасида 555,6 млн дона акцияни ҳар бири $135 дан сотиб, $75 млрд жалб қилди. Натижада компаниянинг умумий қиймати қарийб $1,77 трлн деб баҳоланди. Бу жалб қилинган маблағ ҳажми бўйича АҚШ фонд бозори тарихидаги энг йирик IPO бўлди.

Reuters ва Forbes ҳисоб-китобларига кўра, IPOдан кейин Маскнинг SpaceX’даги акциялари ва опционлари қиймати қарийб $866 млрдга етди. Tesla ҳамда бошқа компаниялардаги активлари билан бирга унинг умумий бойлиги SpaceX акциялари савдоси бошлангач, $1,1 трлндан ошди.

Бироқ бу маблағ Маскнинг банк ҳисобидаги нақд пул эмас. Унинг бойлиги асосан компаниялардаги акциялар ва уларга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи опционларнинг жорий бозор қийматидан иборат. Шу сабабли SpaceX ёки Tesla акциялари арзонлашса, Маскнинг ҳисобланган бойлиги ҳам кескин камайиши мумкин.

IPO тўлиқ янги акциялар чиқариш орқали амалга оширилди. Яъни амалдаги акциядорлар жойлаштириш давомида ўз улушларини сотмади ва жалб қилинган маблағларнинг барчаси SpaceX ҳисобига тушади. Компания капитални Starlink сунъий йўлдош тармоғи, космик лойиҳалар ҳамда сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириши кутилмоқда.

Турли рейтингларда турлича натижа

Миллиардерлар бойлигини ҳисоблаш усуллари бир-биридан фарқ қилади. Forbes Маскка тегишли айрим акциялар ва опционларни ҳам ҳисобга олиб, унинг бойлиги $1,1 трлндан ошганини қайд этмоқда.

Bloomberg Billionaires Index эса асосан Маскнинг ҳозирги улушларини ҳисобга олиб, унинг бойлигини $971 млрдга баҳолаган. Bloomberg ҳисобига кўра, Маск шартли опционларсиз ҳам триллионерга айланиши учун SpaceX акциялари нархи $135 дан камида $140,71 гача кўтарилиши керак.

$500 млрддан $1 трлнгача

Маск 2025 йил 1 октябрда бойлиги $500 млрдга етган тарихдаги биринчи инсонга айланди. Ўша кун якунига келиб унинг бойлиги бироз камайиб, $499,1 млрдни ташкил этган.

Орадан икки ярим ой ўтиб, 15 декабрь куни унинг бойлиги $600 млрдлик чегарадан ошди. Бунга SpaceX’нинг эҳтимолий IPOси олдидан компания қийматининг кескин юқори баҳоланиши асосий омил бўлди.

Атиги тўрт кун ўтиб — 19 декабрда Маскнинг бойлиги $700 млрддан ошди. Бунга Делавэр Олий суди Tesla’даги аввал бекор қилинган акциялар опционларини қайта тиклагани сабаб бўлди.

2026 йил 3 февралда SpaceX ва xAI бирлаштирилгач, Маскнинг бойлиги $800 млрдлик маррадан ҳам ўтди. Forbes ўша пайтда унинг активларини рекорд даражадаги $852 млрдга баҳолаган.

SpaceX IPOси арафасида Forbes Маскнинг бойлигини қарийб $780 млрд деб ҳисоблаган эди. Компания акцияларининг IPO нархи $135 этиб белгилангач, Маскнинг SpaceX’даги улуши қарийб $866 млрдга баҳоланди. Натижада унинг жами бойлиги Forbes ва Reuters ҳисобида $1,1 трлндан ошиб, у тарихдаги илк триллионерга айланди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+