Ҳамкорбанк ва Smartbank’нинг биринчи чоракда кўрган соф фойдаси очиқланди
Ҳамкорбанк соф фойдаси 23,1 фоизга ошган бўлса, Smartbank’да бу кўрсаткич 76,4 фоизга камайган.

Ўзбекистоннинг яна икки банки — Ҳамкорбанк ва Смартбанк — 2025 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича молиявий натижаларини эълон қилди. Аввалроқ, Octobank, Туронбанк ва Капиталбанк ҳам ўз ҳисоботларини тақдим этган эди.
Ҳамкорбанк — 393,4 млрд сўм
Банкнинг жами активлари ҳозирда 29,6 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу миқдор чорак давомида 879 млрд сўмдан кўпроққа ошган. Банкнинг фоизли даромадлари 1,2 трлн сўмни ташкил этди (соф фоизли даромад — 265,5 млрд сўм). Шунингдек, фоизсиз даромадлар 1,1 трлн сўмга етди.
Ҳамкорбанк чоракни 393 млрд 409 млн сўм соф даромад билан якунлаган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 23,1 фоизга кўпроқдир.
Мавзуга доир: Octobank, Туронбанк ва Капиталбанкнинг 2025 йил I чораги бўйича соф фойдаси очиқланди
Smartbank — 628,5 млн сўм
Smartbank жами активлари ҳозирда 1,2 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Бу миқдор йил бошидан бери деярли икки баробар ёки 92,2 фоизга ортган.
Корпоратив маълумотлар порталида эълон қилинган ҳисоботга кўра, банк биринчи чоракда фоизли даромадлар олмаган. Даромаднинг асосий қисмини фоизсиз тушумлар ташкил қилиб, уларнинг ҳажми 27,5 млрд сўмни ташкил этган.
Барча харажатлар чегирилгач, Smartbank чоракни 628 миллион 518 минг сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йил мос даврига нисбатан 76,4 фоизга камроқдир.
Янгиланиш: мақолага Smartbank соф фойдасидаги ўзгариш фоизига оид тузатиш киритилди.