Ҳамкорбанк 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 970 млрд сўм соф фойда олди
Банкнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,2 фоизга ошди. Ярим йиллик якунида Ҳамкорбанк активлари 41,3 трлн сўмга, кредит ва лизинг портфели эса 29 трлн сўмга етди.

Ҳамкорбанк 2026 йилнинг январь–июнь ойларига оид молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, банк биринчи ярим йилликда 969,96 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 163,2 млрд сўм ёки 20,2 фоизга кўпроқ. Таққослаш учун, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида банкнинг соф фойдаси 806,8 млрд сўмни ташкил қилган эди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ҳамкорбанк 467,7 млрд сўм, иккинчи чоракнинг ўзида эса 502,3 млрд сўм соф фойда олган.
Олти ой давомида банкнинг фоизли даромадлари 2,99 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 21,5 фоизга ошди. Фоизли харажатлар эса 13,9 фоизга кўпайиб, 1,52 трлн сўмга етди.
Фоизсиз даромадлар 33,7 фоизга ўсиб, 2,81 трлн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, фоизсиз харажатлар 57 фоизга ошиб, 1,51 трлн сўмга етган.
Мазкур даврда Ҳамкорбанк ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа харажатларига 790 млрд сўм сарфлаган. Банкнинг жами операцион харажатлари 1,15 трлн сўмни, фойда солиғи эса 181,2 млрд сўмни ташкил қилган.
2026 йил 1 июль ҳолатига банкнинг жами активлари 41,3 трлн сўмга етиб, бир йил ичида 28,6 фоизга ошган. Кредит ва лизинг операцияларининг соф ҳажми 42,2 фоизга кўпайиб, 29 трлн сўмни, банкнинг хусусий капитали эса 7,7 трлн сўмни ташкил этди.









