Ҳамкорбанк 2025 йилнинг биринчи ярмида 806,8 млрд сўм соф фойда олди
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,8 фоизга ошган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг биринчи ярмида банкнинг соф фойдаси 668,1 миллиард сўмни ташкил қилган эди.

Ҳамкорбанк 2025 йилнинг январь–июнь ойларига оид молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, банк шу давр мобайнида 806,8 миллиард сўм миқдорида соф фойда кўрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,8 фоизга ошган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг биринчи ярмида банкнинг соф фойдаси 668,1 миллиард сўмни ташкил қилган эди.
Жорий йилнинг олти ойи давомида Ҳамкорбанкнинг фоизли даромадлари 2,5 триллион сўмга етиб, 2024 йилга нисбатан 23,6 фоизга ўсди. Бироқ фоизсиз даромадларда пасайиш кузатилди — улар 51,4 фоизга камайиб, 1,7 триллион сўмни ташкил этди.
Мазкур даврда банк ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловлар учун 569 миллиард сўм сарфлаган. Шунингдек, давлат бюджетига 179,3 миллиард сўм миқдорида даромад солиғи тўлаган.
2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ҳамкорбанкнинг умумий кредит портфели 20,1 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу портфель таркибида муаммоли кредитлар (NPL — non-performing loans) ҳажми 296 миллиард сўмга тенг.