Фонд биржасида “Ўзбектелеком” акциялари савдоси вақтинча тўхтатилди
Компания устав фондини капиталлаштириш ва қўшимча акциялар чиқариш жараёни муносабати билан савдолар 25 февралдан бошлаб икки ойга тўхтатилган.

“Ўзбектелеком” акциялари савдоси фонд биржасида вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Тошкент фонд биржаси ахборот хизмати маълум қилди.
Биржа хабарига кўра, компания ихтиёрида қолган даромад ҳисобидан устав фондини капиталлаштириш ва шу орқали қўшимча акциялар чиқариш режалаштирилган. Мазкур жараён акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан компания ташаббуси асосида 2026 йил 25 февралдан бошлаб акциялар савдоси вақтинчалик тўхтатилган. Биржа дастлаб савдолар қанча муддатга тўхтатилгани ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Бироқ Kap Depo инвестиция компанияси хабарига кўра, “Ўзбектелеком” акциядорлик жамияти кузатув кенгашининг 28 январдаги йиғилишида устав фондини йиллар давомида компания ихтиёрида қолдирилган маблағларни капиталлаштириш ҳисобига ошириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Кузатув кенгаши қарорига мувофиқ, акциялар савдоси 25 февралдан бошлаб икки ой муддатга тўхтатилган.









