Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тўрт йилдан сўнг яна тўлиқ давлат мулкига қайтди
2022-йилда Saneg компаниясига 100 млн долларга сотилган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи яна тўлиқ давлат мулкига қайтди. Давлат реестрида корхонанинг ягона таъсисчиси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги кўрсатилган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи яна давлат мулкига қайтди. Давлат реестри маълумотларига кўра, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг ягона таъсисчиси эндиликда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобланади. Агентликка корхона устав фондининг 100 фоизи — 124,54 млрд сўмлик улуш тегишли.
Аввалроқ, май ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги заводдаги 58,5 фоиз улушга эгалик қилаётгани, қолган 41,5 фоиз улуш эса Саноат Энергетика Гуруҳи — Saneg компаниясига тегишли экани кўрсатилганди.

Корхона 2022-йил май ойида Saneg компаниясига 100 млнга сотилган эди. Ўша вақтдаги келишувга кўра, харидор заводни модернизатсия қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва маҳсулот турини кенгайтириш бўйича йирик инвеститсия мажбуриятларини олган.
Хусусан, Saneg экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, Жет А-1 авиатсия ёқилғиси ҳамда суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кенгайтириши, нефтни қайта ишлаш агрегатларини модернизатсия қилиши ва заводнинг ишлаб чиқариш қувватини камида 2 млн тоннагача ошириши керак эди. Ушбу мақсадлар учун 380 млн доллардан ортиқ инвеститсия киритиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, харидор ижтимоий мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олган. Келишувга кўра, корхонада мавжуд иш ўринлари ва ходимлар сони камида 2 йил давомида сақлаб қолиниши, иш ҳақи фонди камайтирилмаслиги ҳамда жамоа шартномаси шартлари ёмонлаштирилмаслиги керак эди. Шунингдек, ходимларнинг иш ҳақи битим имзоланган санадаги даражадан пасайтирилмаслиги ва бошқа ижтимоий мажбуриятлар имкон қадар сақланиши белгиланган.
Фарғона НҚИЗ Марказий Осиёдаги йирик ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Корхона маълумотларига кўра, завод нефтни қайта ишлаш соҳасидаги деярли барча асосий маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган 35 та технологик ускунага эга.
Январ ойида Вазирлар Маҳкамасининг Saneg билан боғлиқ стратегик лойиҳаларга янги инвесторлар жалб қилиш бўйича қарори чиққан эди. Ушбу лойиҳалар орасида Фарғона НҚИЗни модернизатсия қилиш масаласи ҳам бор эди.
Шунингдек, Saneg, Enter Engineering ва Eriell гуруҳларига алоқадор айрим активларни сотиш масаласи ҳам кўриб чиқилгани хабар қилинган. Сотиладиган активлар орасида Самарқанд аэропорти, Силк Роад Самарканд меҳмонхоналари ва тиббиёт маркази кабилар бор. Тушган маблағлар, аввало, 38,7 минг ходим олдидаги 131 млн долларлик иш ҳақи қарздорлигини қоплашга йўналтирилиши белгиланган.









