12 021.320 so‘m

decrease

-20.730

13 734.360 so‘m

decrease

-10.440

157.640 so‘m

increase

2.610

12 021.320 so‘m

decrease

-20.730

3 соат аввал
Бозор
89

Эскроу тизими жорий этилиши олдидан кўчмас мулк битимлари кескин кўпайган

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида олди-сотди битимлари сони 110,1 мингтага етиб, йиллик ҳисобда 48,4 фоизга ошди. Марказий банк буни 1 апрелдан эскроу тизими жорий этилиши олдидан шартномаларнинг жадал расмийлаштирилгани билан изоҳламоқда.

Эскроу тизими жорий этилиши олдидан кўчмас мулк битимлари кескин кўпайган
Фото: AI/Pinkod.uz

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида фаоллик кескин ошди. Марказий банк таҳлилига кўра, январь–март ойларида олди-сотди битимлари сони 110,1 мингтани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,4 фоизга кўпайган.

Ўсишнинг асосий сабаби 1 апрелдан кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотдисида эскроу ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби жорий этилиши билан изоҳланмоқда. Янги тизим кучга киришидан олдин бозор иштирокчилари битимларни тезроқ расмийлаштиришга ҳаракат қилган.

Ойлар кесимида энг юқори фаоллик март ойида кузатилган. Шу ойда 47,3 мингта олди-сотди битими тузилган бўлиб, бу ўтган йилнинг март ойига нисбатан 112 фоизга кўп.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида қайд этилди — 67 фоиз. Тошкент шаҳрида битимлар сони 64 фоизга, Андижонда 56 фоизга, Навоийда эса 52 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида уч ойда 32,8 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилган.

Талабга ипотека кредитлари ҳажмининг ошиши ҳам таъсир кўрсатган. Биринчи чоракда ажратилган ипотека кредитлари 5,7 трлн сўмга етиб, йиллик ҳисобда 29 фоизга кўпайган. Аҳоли реал даромадлари эса чорак якунида 7,8 фоизга ўсган.

Таклиф томонида ҳам ўсиш кузатилган. Январь–март ойларида фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 3,3 млн квадрат метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6,6 фоизга ошган. Бу ўсиш асосан якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши кенгайгани ҳисобига шаклланган.

Бозордаги юқори фаоллик нархларга ҳам таъсир қилган. Март ойида бирламчи бозордаги кўп қаватли уйларда хонадонлар нархи доллар ҳисобида 8,1 фоизга, сўм ҳисобида 1,8 фоизга ошган. Иккиламчи бозорда эса нархлар доллар ҳисобида 9,4 фоизга, сўмда 3 фоизга қимматлашган.

Ижара бозорида ҳам ўсиш сақланиб қолган. Республика бўйича ижара нархлари март ойида доллар қийматида 9,5 фоизга, сўм қийматида 3,1 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида ижара нархлари нисбатан пастроқ суръатда ўсиб, доллар ҳисобида 6,9 фоизни, сўмда эса 0,6 фоизни ташкил қилган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ер нархлари пасайишда давом этмоқда. Биринчи чорак якунида пойтахтда 1 сотих ер нархи 301 млн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга арзонлашган. Марказий банк буни шаҳар марказидан узоқроқ ҳудудларда ер таклифининг ошиб бораётгани билан изоҳлаган.

Марказий банкка кўра, эскроу тизими қисқа муддатда қурувчилар учун молиялаштириш харажатларига таъсир қилиши мумкин. Чунки бундай тизимда қурилиш компаниялари харидорларнинг олдиндан тўланган маблағларидан тўғридан-тўғри фойдалана олмайди. Бироқ узоқ муддатда бу тизим харидорлар маблағларини ҳимоя қилиш, бозорда шаффофликни ошириш ва тугалланмаган қурилиш хавфини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+