Дунёнинг энг бой одамлари яшовчи ТОП-10 шаҳар
Altrata компаниясининг сўнгги ҳисоботига кўра, бойлиги 30 миллион доллардан ортиқ бўлган ултра-бойлар дунёнинг айрим йирик шаҳарларида жамланган. Рўйхатда Ню-Йорк етакчилик қилмоқда, ундан кейин эса Гонконг ва Лос-Анжелес туради. Охирги 12 ойда кўпчилик шаҳарларда ултра-бойлар сони сезиларли даражада ошган.

Нью-Йорк, Даллас ва Токио ўртасида қандай ўхшашлик бор? Уларнинг барчасида жуда бой одамлар яшайди. Бу ҳақда Business Report нашри, бойлик таҳлили билан шуғулланувчи Altrata компаниясининг ҳисоботига асосланиб хабар берди.
Ҳисоботда қайд этилишича, бойлиги 30 миллион доллардан ортиқ бўлган инсонлар, яъни ултра-бойлар дунёнинг айрим йирик шаҳарлари атрофида тўпланган. Уларнинг қарийб 19 фоизи атиги 10 та шаҳарда истиқомат қилади.
Рўйхатнинг юқори поғонасида Нью-Йорк жойлашган. Бу шаҳар дунёдаги энг кўп ултра-бойлар яшайдиган маскан бўлиб, бу ерда 21 380 нафар шундай инсон бор. Иккинчи ўринда Гонконг (17 215 нафар), учинчи ўринда эса Лос-Анжелес туради.
Кейинги ўринларда Сан-Франсиско, Чикаго, Токио, Лондон, Даллас, Вашингтон (ДC) ва Хюстон қайд этилган.
| № | Шаҳар | Ултра-бойлар сони | Охирги 12 ойга нисбатан ўсиш %и |
| 1 | Нью-Йорк | 21,380 | 23,4% |
| 2 | Гонконг | 17,215 | 11,5% |
| 3 | Лос-Анжелес | 11,680 | 24% |
| 4 | Сан-Франсиско | 8,270 | 24,9% |
| 5 | Чикаго | 7,530 | 21,7% |
| 6 | Токио | 6,940 | 8,4% |
| 7 | Лондон | 6,660 | 9,7% |
| 8 | Даллас | 6,530 | 23% |
| 9 | Вашингтон (DC) | 6,460 | 23,6% |
| 10 | Хюстон | 5,900 | 22,0% |
АҚШ бу борада мутлақ етакчиликни сақлаб қолмоқда. Дунё ултра-бойларининг 38 фоизи айнан шу мамлакатда яшайди. Алтрата маълумотларига кўра, 2025 йил июнь ойининг охирига келиб, дунё бўйича 510 810 нафар ултра-бой мавжуд бўлган. Бу кўрсаткич 2004 йилдан бери кескин ошиб, катталар сонининг ўсиш суръатидан етти баравар тезроқ ўсган.
Шунга қарамай, бошқа минтақаларда бойлар сони янада тез ортмоқда. Ҳисоботда таъкидланишича, АҚШнинг бирорта шаҳри ултра-бойлар сони энг тез ўсаётган 10 та шаҳар рўйхатига кира олмаган. Энг юқори ўсиш суръатлари Осло (Норвегия), Бенгалуру (Ҳиндистон) ва Ҳайдаробод (Ҳиндистон)да кузатилган.
Алтрата ҳисоботида, шунингдек, энг бой инсонлар пулларини қандай сарфлашлари ҳақида ҳам сўз юритилган. Уларнинг ўтган йилдаги ҳашаматли товарларга сарфлаган харажатлари 290 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу маблағнинг катта қисми транспорт воситаларига — ҳашаматли автомобиллар, хусусий самолётлар ва яхталарга — сарфланган.
Сўнгги йилларда ҳашаматли брендлар тобора кўпроқ ултра-бой мижозларга эътибор қаратмоқда. Энг бойлар учун хизмат кўрсатувчи компаниялар кенг оммага мўлжалланган брендларга қараганда анча юқори даромад кўрмоқда. Шу сабабли, ҳашаматли товарлар бозори бугунги кунда глобал иқтисодиётнинг энг барқарор ва фаол йўналишларидан бири ҳисобланади.









