Бойлар учун йил якуни: 2024 йилнинг энг йирик ғолиб ва мағлуб миллиардерлари
2024 йил бошида энг бой инсон бўлган Бернар Арно ўтган йил бошқа миллиардерлардан кўра кўпроқ пул йўқотди, Илон Маскнинг бойлиги эса деярли икки баробар ошди.
2024 йил миллиардерлар учун ажойиб йил бўлди, айниқса, бойликлари технологик акцияларга боғлиқ бўлганлар учун. Бойлиги қимматбаҳо товарлар сотадиган компаниялар ортидан келадиганлар ҳақида эса бундай деб бўлмайди.
Bloomberg миллиардерлар индекси маълумотларига кўра, 2024-йилда энг кўп бойлик орттирган беш миллиардернинг умумий йиққан бойлиги 542 миллиард долларни ташкил этди. Business Insider нашри ўтган йилнинг ғолиб ва мағлублари рўйхатини эълон қилди.
Илон Маск: $239 миллиардга бойроқ
Илон Маскнинг бойлиги 2024 йилда икки баробарга кўпайиб, йил охирида 468 миллиард долларгача етди. У Доналд Трампнинг сайлов кампаниясини қўллаб-қувватлаши компанияларига яхши фойда берди. Сайлов кунидан бери Маскнинг бойлиги 200 миллиард доллардан кўпроққа ошди. Бу асосан Tesla акцияларининг 70% га ўсиши ва SpaceX компаниясининг қиймати икки баробарга ошиб, 350 миллиард долларга етгани билан боғлиқ.
Bloomberg: дунёнинг энг бой одами Илон Маск энди Американинг энг катта сиёсий донори
Марк Цукерберг: $85 миллиардга бойроқ
Meta’нинг муваффақияти тўлқинида Марк Цукербергнинг соф бойлиги ҳозирда 213 миллиард долларга етди. Meta акцияларининг нархи ўтган йили 70 фоиздан зиёд ошди, бунга кучли реклама сектори ва сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлар сабаб бўлди. Компаниянинг тарихдаги илк дивиденди ва акциялар нархининг рекорд даражага кўтарилиши, шубҳасиз, 13 фоизлик улушга эга бўлган Цукерберг учун вазиятни янада яхшилади.
Женсен Ҳуанг: $78 миллардга бойроқ
Сунъий интеллект трендидан энг кўп Nvidia компаниясининг раҳбари Женсен Хуонг фойда кўрди ва унинг бойлиги 122 миллиард долларни ташкил қилди. Компаниянинг акциялари ўтган йили 175 фоизга юқорилади ва бу 3,5 фоизлик акцияларга эгалик қилувчи Хуонгни энг кўп бойиган миллиардерлар қаторига қўшди.
Ларри Эллисон: $70 миллиардга бойроқ
2024 йилни Oracle раҳбари Ларри Эллисон $193 миллиард билан якунлади. Бунга эса компания акциялари сунъий интеллектни ривожлантиришга хизмат қилувчи булутли иловалар туфайли 60 фоиздан ошиши сабаб бўлди. Бундан ташқари, Эллисоннинг Tesla’даги кичик, аммо сезиларли улуши унинг бойлигига яна $20 миллиард қўшди.
Жефф Безос: $69 миллардга бойроқ
Трамп сайлангандан кейин Amazon акциялари ўсиб кетгач, компаниянинг энг йирик акциядори Жефф Безоснинг бойлиги $239 миллиардга етди. Компаниянинг электрон тижорат ва булутли ҳисоблашларда устунлиги Безоснинг бойлигини оширишга ёрдам берди.
2024 йилда ҳамма миллиардерларнинг ҳам бойлиги ошмади, аксинча камайганлар ҳам бор.
Бернар Арно: $31 миллиардга камбағалроқ
2024 йил қимматбаҳо сектор учун муваффақиятсиз бўлди, бу LVMH раҳбари Бернар Арнонинг 31 миллиард доллар йўқотишига олиб келди. LVMH акцияларининг 48% улушига эга Арно ҳозирда $174 миллиард бойликка эга. Хитой бозоридаги қийинчиликлар ҳашаматли брендлар, жумладан, Louis Vuitton ва Christian Dior учун ёқимсиз ҳолат бўлди ва компаниянинг бозрдаги улушини бироз қисқартирди. 2024 йилни биринчиликда бошлаган Арно Bloomberg миллиардерлар рейтингига кўра йилни бешинчи ўринда якунлади.
Франсуаза Бетанкур-Майерс: $25 миллиардга камбағалроқ
Дунёдаги иккинчи энг бой аёл Бетанкур-Майерснинг бойлиги L’Oréal компаниясининг қийинчиликлари туфайли $75 миллиардгача камайди. Хитойда сотувлар пасайиши сабабли косметика гигантининг акциялари 26 фоиздан кўпроққа тушиб кетди.
Колин Хуан: $17 миллиард долларга камбағалроқ
Колин Хуаннинг бойлиги, асосан, Pinduoduo (Temu ота компанияси) билан боғлиқ бўлиб, ўтган йили унинг акциялари нархи 30 фоиздан кўпроққа камайди. Трамп ғалаба қозонганидан кейин Temu’га келгусидаги фойда ҳақида огоҳлантиришлар ва Америка томонидан Хитой товарларига қўйилиши кутилаётган катта бож тарифлари ҳақидаги ноаниқликлар Хуан бойлигининг $35 миллиардга камайишига олиб келди.
Шунингдек, қимматбаҳо сигментдаги бошқа миллиардерлар ичида Карлос Слим $23 миллиардга, Франсуа Пина эса $14 миллиардга камбағаллашди.