Bitcoin нархи 25% га тушиб кетиши ёки 120% га ўсиши мумкин — Investopedia
Investopedia маълумотларига кўра, тез орада Bitcoin нархи 25 фоизга қулаши ёки 120 фоизга кескин ўсиши мумкин. Бунга асосий сабаб сифатида АҚШда криптовалюталарни тартибга солувчи қонунларнинг кечикаётгани ва умумий иқтисодий ноаниқликлар кўрсатилмоқда. Агар кутилаётган қонунлар ижобий ҳал бўлса, нарх 165 000 долларгача сакраши, акс ҳолда инқироз сабабли 56 000 долларгача тушиб кетиши кутилмоқда.

Сўнгги пайтларда Bitcoin ҳақида гап кетганда, кўпчилик унинг нархи қандай қилиб барқарор сақланиб турганига эътибор қаратмоқда. Investopedia бу ҳақда мақола эълон қилди.
Олдинлари нархи бир кунда кескин ўзгариб турадиган бу криптовалюта, бугун ҳатто дунёдаги геосиёсий нотинчликлар фонида ҳам ўзини жуда яхши ушлаб турибди ва нархлар $74,000 ҳамда $76,000 оралиғида тебранмоқда.
Хўш, Bitcoin бозорида аслида нималар юз беряпти?
Bitcoin энди шунчаки таваккал қилинадиган "ўйинчоқ" эмас. У олтин ёки йирик акциялар (масалан, S&P 500) каби ишончли сармоя воситасига айланиб бормоқда. Бунга асосий сабаб — йирик сармоядорларнинг бозордаги ҳаракатидир. Молия тилида "олмос қўллар" деб аталувчи бу инвесторлар қийин кунларда ҳам ваҳимага тушиб ўз Bitcoin’ларини сотиб юборишмаяпти. Бу эса бозорга қўшимча барқарорлик тақдим этмоқда.
Унда нега нарх тез ўсмаяпти?
Бунинг асосий сабаби АҚШдаги қонунчилик муаммоларидир. Ҳукумат криптовалюталарни тартибга солувчи янги қонунларни (масалан, Clarity Act) қабул қилишда ўта секин ҳаракат қиляпти. Аниқ қоидалар йўқлиги сабабли, кўплаб янги инвесторлар ва йирик компаниялар бу бозорга катта пуллар киритишга иккиланиб туришибди.
Мутахассислар нима дейди: $56,000 ми ёки $165,000?
Машҳур “Cити Research” таҳлил компанияси ҳукуматнинг секин ҳаракатларини ҳисобга олиб, Bitcoin’нинг йил охиридаги кутилаётган нархини $143,000 дан $112,000 га туширди. Уларнинг таҳлилларига кўра, бозорнинг келажаги учун 3 та асосий сценарий мавжуд:
- Кутиш даври: Янги қонунлар чиққунча нарх $70,000 атрофида айланиб туради.
- Энг яхши ҳолат (Буқа бозори): Агар ҳукумат криптовалюталарга яшил чироқ ёқса ва қонунлар тасдиқланса, нарх осмонга сапчиб, $165,000 гача етиши мумкин!
- Энг ёмон ҳолат (Айиқ бозори): Агар дунёда жиддий иқтисодий инқироз юз берса, нарх $56,000 гача тушиб ке aтиш эҳтимоли бор.
Bitcoin ўзининг ёввойи ва кескин ўсиш давридан ўтиб, жиддийроқ активга айланмоқда. Эндиги катта сакрашлар ва рекордлар бевосита ҳукумат қабул қиладиган қарорларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.









