Биринчи ярим йилликда қайси умумий овқатланиш корхонаси энг кўп солиқ тўлади?
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий овқатланиш соҳаси корхоналари давлат бюджетига қарийб 810 млрд сўм солиқ тўлади. Ушбу тушумларининг деярли бешдан бири KFC, Evos, Oqtepa Lavash каби йирик 20 та компания ҳисобига тўғри келади.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида энг кўп солиқ тўлаган умумий овқатланиш компаниялари эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, январь–июнь ойларида умумий овқатланиш корхоналари томонидан жами 809,8 млрд сўм солиқ тўланган. Ушбу маблағларнинг 19,3 фоизи ёки 156,3 млрд сўмлик қисми энг йирик 20 та солиқ тўловчи компания ҳиссасига тўғри келади.
Ҳисобот даврида соҳада фаолият юритувчи 20 мингдан ортиқ корхонанинг жами товар айланмаси 9 трлн сўмдан ошган. Шунингдек, уларга тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳажми 88,7 млрд сўмни ташкил қилган. Фақатгина ТОП-20 корхонанинг ўзи эса 2 трлн сўмдан ортиқ савдо айланмасини қайд этиб, 19,2 млрд сўм солиқ имтиёзларига эга бўлган.
Рейтингда биринчи ўринни KFC бренди остида фаолият юритувчи International Foodchain МЧЖ эгаллаб, ярим йиллик солиқ тўловлари 47,4 млрд сўмни ташкил қилган. Иккинчи ўринда Evos фаст-фуд тармоғи – Mak Food Servis МЧЖ жойлашиб, давлат бюджетига 31,8 млрд сўм солиқ тўлаган. Учинчи ўринда эса Oqtepa Food Service компанияси 18,3 млрд сўм билан қайд этилган. Кучли бешликдан яна Ketring МЧЖ (16,5 млрд сўм) ва Feed Up (4,3 млрд сўм) жой олган.

Шунингдек, Safia бренди остида хизмат кўрсатувчи “Vanilla Food” МЧЖ 2,9 млрд сўм солиқ тўлови билан 10-ўринни эгаллаган. Рейтингдан ўрин олган бошқа машҳур тармоқлар қаторида Maxway (2,5 млрд сўм), Bellissimo Pizza (1,9 млрд сўм) ва Efendi (1,9 млрд сўм) ҳам мавжуд.