Бир ойда эскроу орқали 40 мингдан ортиқ олди-сотди битими расмийлаштирилди
2026 йил 1 апрелдан 7 майгача Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали жами 40 767 та олди-сотди битими расмийлаштирилди. Шундан 23 804 таси транспорт воситалари, 16 963 таси кўчмас мулк олди-сотдисига тўғри келган. Ҳудудлар кесимида энг кўп битим Тошкент шаҳрида қайд этилди — 11 679 та.

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 апрелдан 7 майгача бўлган даврда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича битимлар сезиларли даражада фаоллашган.
Ҳисобот даврида жами 40 767 та битим расмийлаштирилган. Шундан 23 804 таси транспорт воситалари, 16 963 таси эса кўчмас мулк олди-сотдисига тўғри келади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида қайд этилган — пойтахтда ушбу даврда 11 679 та битим амалга оширилган. Кейинги ўринлардан Фарғона вилояти — 3940 та, Самарқанд вилояти — 3614 та битим билан жой олган.
Кучли бешликни Андижон вилояти — 3128 та ҳамда Наманган вилояти — 2856 та битим билан якунлаган.
Регуляторнинг таъкидлашича, эскроу механизмининг жорий этилиши олди-сотди жараёнларида ҳисоб-китоблар хавфсизлиги, шаффофлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади. Бунда харидор ҳам, сотувчи ҳам битим якунига қадар молиявий хавфлардан нисбатан яхшироқ ҳимояланади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китобларнинг янги тартиби жорий этилди.
Янги тартибга кўра, бундай битимлар банк орқали, эскроу ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Яъни харидор маблағни сотувчига бевосита ўтказмайди — пул аввал банкдаги махсус ҳисобварақда сақланади. Битим тўлиқ якунланиб, мулк ҳуқуқи расмийлаштирилгач, банк ушбу маблағни сотувчига ўтказиб беради.









