Binance Ўзбекистон резидентлари учун P2P платформасининг ёпилишини эълон қилди
Компанияга кўра, мазкур ўзгариш маҳаллий қонунчиликка риоя этиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ундан ташқари, платформада 26 майдан бошлаб USDT/UZS, BTC/UZS, ETH/UZS ва бошқалар билан савдо тўхтатилди.

Дунёнинг энг йирик криптовалюта биржаларидан бири Binance Ўзбекистонда яшовчи фойдаланувчилар учун P2P платформасининг ёпилишини эълон қилди.
Расмий хабарга кўра, 2025 йил 27 майдан бошлаб Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун Binance P2P платформасига кириш ёпилди. Мамлакат аҳолиси ҳудудда мавжуд бўлган Binance’нинг бошқа хизматларидан CoinPay орқали фойдаланишда давом этиши мумкин.
Мазкур ўзгартиришлар маҳаллий қонунчиликдаги чекловлар билан боғлиқ. Binance’нинг ўзи бу ҳолатга қуйидагича муносабат билдирган:
“Жамоамиз маҳаллий қонунчиликка риоя этиш устида фаол ишламоқда ва мумкин бўлган ечимларни ўрганмоқда. Биз барча фойдаланувчиларимиз учун хавфсиз ва талабларга тўлиқ жавоб берадиган савдо муҳитини яратишга интилмоқдамиз”.
Binance Ўзбекистонлик фойдаланувчиларга бошқа валюталар ва хизматлар орқали савдо қилишни кўриб чиқишни тавсия қилди.
Биржанинг Ўзбекистондаги ҳамкори бўлган CoinPay расмий сайтида эса қуйидагича огоҳлантириш мавжуд:
“P2P платформасидаги барча операциялар крипто активлар айланиши соҳасидаги қонунчилик талабларига зид ҳисобланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка олиб келади”.
P2P платформасининг Ўзбекистон мижозлари учун ёпилиши билан бир вақтда, Binance’да Ўзбекистон сўмига (UZS) боғлиқ бўлган бир нечта савдо жуфтликларини рўйхатдан чиқаришини (делистинг) ҳам эълон қилди.
26 май бошлаб Binance P2P платформасида ўзбек сўми (UZS) ва қуйидаги савдо жуфтликларини қўллаб-қувватлашни тўхтатди: USDT/UZS, USDC/UZS, BTC/UZS, FDUSD/UZS, BNB/UZS, ETH/UZS.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Binance Ўзбекистон ҳудудида расман иш бошлаган эди. Биржа фаолияти маҳаллий ҳамкор оператор — CoinPay орқали амалга оширилмоқда.