Банкларда муаммоли кредитлар ҳажми бир ойда 2 трлн сўмдан кўпроққа ошди
2026 йил апрель ойида банк тизимида муаммоли кредитлар ҳажми 2 трлн сўмдан кўпроққа ошиб, 21,9 трлн сўмга етди.
Бир ой ичида муаммоли кредитлар энг кўп “Ўзмиллийбанк”да ошган — 484,8 млрд сўм. “Капиталбанк”да NPL ҳажми 439,2 млрд сўмга, “Агробанк”да 351,2 млрд сўмга, Madad Invest bankʼда 285,5 млрд сўмга, Orient Finance bankʼда эса 181,8 млрд сўмга кўпайган.
Айниқса, Madad Invest bankʼда (My bank) муаммоли кредитлар улуши бир ой ичида 2,7 фоиздан 50,8 фоизга кескин ошгани эътиборли бўлди.

2026 йил 1 май ҳолатига тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми 21,9 трлн сўмга етди. Бир ой аввал бу кўрсаткич 19,9 трлн сўм бўлган. Шу тариқа, апрель ойида банк тизимидаги NPL ҳажми 2,06 трлн сўмга ёки 10,4 фоизга ошган.
Тижорат банкларининг жами кредит портфели эса шу даврда 623,3 трлн сўмдан 629 трлн сўмга кўтарилган. Ўсиш 5,7 трлн сўм ёки 0,9 фоизни ташкил этган. Яъни кредит портфели секин суръатда кенгайган бир пайтда, муаммоли кредитлар нисбатан тезроқ ошган.
Натижада муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 1 апрелдаги 3,19 фоиздан 1 майда 3,48 фоизга кўтарилди. Бу бир ой ичида NPL улуши қарийб 0,3 фоиз пунктга ошганини англатади.
Давлат банкларида NPL ҳажми катта, бошқа банкларда ўсиш тезроқ
Давлат улуши мавжуд банкларда муаммоли кредитлар 14,3 трлн сўмдан 15,1 трлн сўмга ошди. Уларнинг кредит портфелидаги NPL улуши 3,44 фоиздан 3,62 фоизга кўтарилган.
Бошқа банкларда эса муаммоли кредитлар 5,57 трлн сўмдан 6,82 трлн сўмга етган. Бу сегментда NPL ҳажми бир ойда 22,5 фоизга ошган. Таққослаш учун, давлат улуши мавжуд банкларда бу ўсиш 5,6 фоизни ташкил қилган.
Умумий NPL ўсишининг қарийб 61 фоизи айнан бошқа банклар ҳиссасига тўғри келган. Бу эса муаммоли кредитлар бўйича босим фақат йирик давлат банкларида эмас, хусусий ва хорижий капитал иштирокидаги банкларда ҳам кучаяётганини кўрсатади.
Энг катта муаммоли кредит ҳажми қайси банкларда?
1 май ҳолатига энг катта NPL ҳажми “Ўзмиллийбанк”да қайд этилган — 3,57 трлн сўм. Ундан кейинги ўринларда “Агробанк” — 3,15 трлн сўм, “Ўзсаноатқурилишбанк” — 2,27 трлн сўм, “Асака банк” — 1,69 трлн сўм ва “Капиталбанк” — 1,49 трлн сўм билан жойлашган.
Бир ой ичида муаммоли кредитлар энг кўп “Ўзмиллийбанк”да ошган — 484,8 млрд сўм. “Капиталбанк”да NPL ҳажми 439,2 млрд сўмга, “Агробанк”да 351,2 млрд сўмга, Madad Invest bankʼда 285,5 млрд сўмга, Orient Finance bankʼда эса 181,8 млрд сўмга кўпайган.
Айрим банкларда эса муаммоли кредитлар камайган. Жумладан, “Ўзсаноатқурилишбанк”да NPL ҳажми 79,1 млрд сўмга, “Пойтахт банк”да 34,6 млрд сўмга, “Турон банк”да 25,8 млрд сўмга, Garant bankʼда эса 24,7 млрд сўмга қисқарган.
NPL улуши энг юқори банклар
Муаммоли кредитларнинг кредит портфелидаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Madad Invest bankʼда қайд этилган — 50,8 фоиз. Улуши бир ой ичида 2,7 фоиздан 50,8 фоизгача кескин ошган.
Кейинги ўринларда “Пойтахт банк” — 10,8 фоиз, Garant bank — 10,3 фоиз, TBC bank — 8,4 фоиз, AVO bank — 6,3 фоиз ва Anor bank — 5,8 фоиз билан жойлашган.
Шу билан бирга, айрим банкларда NPL даражаси жуда пастлигича қолмоқда. KDB Bank O‘zbekiston ва Oktobankʼда 1 май ҳолатига муаммоли кредитлар кўрсаткичи 0 фоиз бўлган. Apeks bankʼда бу кўрсаткич 0,04 фоиз, Uzum bankʼда эса 0,12 фоизни ташкил этган.









