Банкларда сўмдаги омонатлар бўйича фоизлар 2022 йилдан бери энг паст даражага тушди
2025 йил якунида сўмдаги омонатлар бўйича ўртача тортилган ставка 18,4 фоизга тушиб, сўнгги уч йилдаги энг паст даражани қайд этди.
Бир йил ичида эса банк тизимидан аввал 27 фоизлик, кейин 23 фоиздан юқори омонатлар бутунлай йўқолди.
Хўш, мазкур ўзгаришга нималар сабаб бўлди?

Ўзбекистон банк секторида кутилган ўзгариш юз берди: миллий валютадаги омонатлар бўйича даромадлилик пасайиш трендига ўтди.
Декабрь ойи якунларига кўра, бозордаги ўртача тортилган фоиз ставкаси 18,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йилдан буён қайд этилган энг паст даража ҳисобланади.
Жами муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 2024 йил июнь ойида кузатилган энг юқори нуқта — 20 фоиздан 1,6 фоиз пунктга пасайди.
Аҳоли депозитлари бўйича ўртача ставка ҳам декабрь ойида 20,6 фоизгача тушиб, 2023 йил мартидан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.
Тадбиркорлар томонидан очилган муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка декабрь ойида 16,4 фоиз даражасида сақланиб қолди. Шунга қарамай, бу кўрсаткич 2024 йил декабрига нисбатан 0,4 фоиз пунктга паст.
Фоиз ставкалари нега пасайди?
Аввалроқ, 2024 йил октябридан 2025 йил мартигача бўлган олти ой давомида аҳоли депозитлари бўйича ставкалар 22,1 фоиз даражасида сақланиб турган эди.
Ўша даврда Ўзбекистондаги айрим банкларда 27 фоизлик омонатларни таклиф қилиш ҳолатлари кузатилган (жумладан, TBC Bank, Анорбанк ва бошқалар). Бироқ январь ойидан бошлаб банк тизимида 27 фоизлик омонатлар тўлиқ йўқолди. Мазкур ўзгариш дастлаб умумий фоиз ставкаларига сезиларли таъсир кўрсатмаган.
Фоиз ставкаларининг изчил пасайишига асосий туртки 2025 йил март ойининг охирида кузатилди. Ўшанда Ўзбекистон банклари синхрон равишда омонатлар бўйича фоиз ставкаларини 23 фоиздан ошмайдиган даражагача тушира бошлади. Ушбу ўзгаришлар апрель ойидан кучга киргани сабабли, пасайиш ҳам айнан шу даврдан бошлаб статистикада акс этди.
Жамоатчилик орасида ушбу синхрон ўзгаришлар маъмурий топшириқлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар мавжуд. Марказий банк мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Ўтган йил июнь ойида ХВЖ ўз ҳисоботида Марказий банкнинг мустақиллигини ижобий баҳолаган эди. Бироқ, ХВЖ апрель ойидаги банклардаги омонат ставкаларининг оммавий равишда туширилишига қандай муносабат билдиргани номаълум.
Жами кредит фоизлари деярли ўзгармаган
Депозитлар бўйича даромадлилик пасаяётганига қарамай, жами кредитлар бўйича фоиз ставкалари деярли ўзгармаган. Хусусан, 2024 йил декабрида кредитларнинг ўртача ставкаси 23,4 фоизни, 2025 йил декабрида эса 23,2 фоизни ташкил этди.
Ҳозирда аҳолига ажратиладиган кредитлар бўйича ставкаларда бироз пасайиш тенденцияси кузатилмоқда — ўртача 23,4 фоиз. Бироқ ушбу статистикада микроқарзлар бўйича ставкалар ҳисобга олинмаслигини инобатга олиш лозим.
Олтин омонатлардан кўра жозибадор бўлди
Шу тариқа, бир йил ичида Ўзбекистонда аввал 27 фоизлик, кейинчалик эса 23 фоиздан юқори омонатларни таклиф қилаётган банклар қолмади.
Айни пайтда муқобил инвестиция воситаси сифатида олтин кескин устунликка эга бўлди. Олтин нархлари 2025 йилни 66 фоизлик ўсиш билан якунлади. Жорий йил 29 январда нархлар энг юқори нуқтага чиққан пайтда, олтиннинг сўнгги 12 ойдаги ўсиши 98 фоизгача етгани қайд этилди.
Январь ойининг якунларига кўра, олтин бир ой ичида қарийб 14 фоизга қимматлашган. Нархлар чўққига чиққан пайтда эса ойлик ўсиш 29 фоиздан ҳам ошиб кетган.
Бу ҳолат миллий валютадаги депозитларнинг жозибадорлигини сезиларли даражада камайтириши ва аҳоли жамғармаларининг хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатиши мумкин.









