12 102.390 so‘m

decrease

-33.370

13 990.360 so‘m

decrease

-77.410

153.080 so‘m

decrease

-0.320

12 102.390 so‘m

decrease

-33.370

9 соат аввал
Банк
28

Банклар ва тўлов ташкилотларини кибержиноятлар оқибатидаги зарар учун жавобгар қилиш таклиф этилди

Сўнгги олти йилда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар 48 бараварга ошган, ўтган йилда фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи ва ўғирликларнинг 76 фоизи кибермаконда содир этилган. 

Шунингдек, ўтган йилларда 3 та банк тизимидаги заифлик туфайли 3025 нафар мижозга 17 млрд сўм моддий зарар етказилган. 

Шу боис банклар ва тўлов ташкилотларини киберхавфсизлик талабларига риоя этилмагани оқибатида юзага келган моддий зарар учун жавобгар қилиш таклиф этилди.

Банклар ва тўлов ташкилотларини кибержиноятлар оқибатидаги зарар учун жавобгар қилиш таклиф этилди
Фото: AI/Pinkod.uz

Шавкат Мирзиёев 12 март куни кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, бугунги кунда мамлакатда интернет орқали ахборот тарқатиш ва маълумот излаш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 31 миллиондан ошган бўлиб, улардан 14 миллиони ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Хусусан, сўнгги олти йил ичида кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг эса 76 фоизи кибермаконда содир этилган. Бу жиноятлар оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.

Тақдимотда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг кескин кўпайиб бораётгани миллий қонунчиликка бундай турдаги жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш ҳамда кибержиноятларнинг янги шакллари учун жавобгарлик белгилаш зарурлигини кўрсатаётгани қайд этилди.

Шунингдек, кўплаб фуқароларга зарар етказаётган “молиявий пирамида” фаолияти учун жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Таклифларга кўра, фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган электрон тўлов воситалари, криптоҳамёнлар, СИМ-карталар ёки электрон аккаунтлардан кибержиноят содир этишда фойдаланилишига йўл қўйганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин.

Бу орқали шахсларнинг ўз номига расмийлаштирилган электрон тўлов воситалари ва абонент рақамларидан фойдаланишда шахсий масъулиятини ошириш мақсад қилинган.

Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига қарши қаратилган киберҳужумлар глобал тус олиб бормоқда ва бундай ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Бу эса юридик шахсларнинг ўз тасарруфидаги ахборот тизимлари хавфсизлигини замонавий таҳдидларга мос равишда такомиллаштириб боришини ҳамда киберхавфсизликка алоҳида эътибор қаратишини талаб этади.

Шу боис юридик шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилмаган тақдирда, оқибат келиб чиққан-чиқмаганидан қатъи назар, маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди.

Мазкур амалиёт масофавий молиявий хизматлар кўрсатувчи банкларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Банклар ўз тизимларида фирибгарликларнинг олдини олиш бўйича ҳимоя ва хавфсизлик чораларини мунтазам равишда такомиллаштириб бориши зарурлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, ўтган йилларда учта банк тизимидаги заифлик туфайли 3025 нафар мижозга жами 17 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Шу муносабат билан тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ахборот хавфсизлиги ҳамда киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноятлар оқибатида юзага келган моддий зарар учун жавобгар бўлишини қонунан мустаҳкамлаш ташаббуси илгари сурилди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+