12 024.400 so‘m

increase

7.360

13 642.880 so‘m

decrease

-69.760

160.410 so‘m

decrease

-0.220

12 024.400 so‘m

increase

7.360

3 соат аввал
Банк
123

Банк сири, нақд пулга қайтиш ва ишонч: P2P-ўтказмалар бўйича лойиҳа жамоатчилик эътирозига учрамоқда

Солиқ қўмитасининг банклардан фуқароларнинг ҳисобварақлари, омонатлари ва йирик P2P-ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни олишни назарда тутувчи лойиҳаси жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди.

Муҳокама иштирокчилари ташаббус банк сирини заифлаштириши, аҳолини нақд пулга қайтариши ҳамда солиқ органларига ҳаддан ташқари кенг ваколат беришидан хавотир билдирмоқда.

Pinkod мазкур лойиҳа юзасидан билдирилган асосий эътирозларнинг айримларини бир жойга жамлади.

Банк сири, нақд пулга қайтиш ва ишонч: P2P-ўтказмалар бўйича лойиҳа жамоатчилик эътирозига учрамоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Солиқ қўмитаси банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашиш тартибини янгилашни таклиф қилмоқда.

Лойиҳага кўра, жисмоний шахснинг банк картаси ёки электрон ҳамёнига бир календар ойида бошқа шахслардан жами 500 БҲМдан ортиқ маблағ келиб тушса, банклар бу ҳақдаги маълумотларни солиқ органларига автоматик равишда тақдим этиши мумкин.

Бунда пулни қабул қилган шахснинг ўзи билан бирга, унга маблағ юборган шахсларнинг ЖШШИРи, банк картаси ёки электрон ҳамёнига оид маълумотлар ҳамда ўтказмалар суммаси юборилиши назарда тутилган.

Лойиҳада банк ҳисобварақлари, омонатлар ва бошқа операциялар бўйича маълумот алмашиш, шунингдек, зарурат туғилганда солиқ органлари томонидан қўшимча ахборот талаб қилиш имконияти ҳам белгиланган.

Ташаббуснинг асосий мақсади шахсий карталар орқали амалга оширилаётган яширин тадбиркорликни аниқлаш, солиққа тортилмаётган даромадларни назоратга олиш ва солиқдан бўйин товлашнинг олдини олишдан иборат.

Бироқ жамоатчилик муҳокамасида қолдирилган изоҳларнинг деярли барчаси салбий мазмунда. Фуқаролар лойиҳани бекор қилиш, қайта ишлаш ёки банк маълумотларини фақат суд қарори ва аниқ қонуний асос мавжуд бўлганда олишни талаб қилмоқда.

Конституцияга зидлик ҳақидаги эътирозлар

Муҳокамада энг кўп тилга олинган масала Конституциянинг 41-моддаси бўлди.

Мазкур моддада ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли экани, банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сир тутилиши қонун билан кафолатланиши белгиланган.

Изоҳ муаллифларининг фикрича, фуқароларнинг банк операциялари ҳақидаги маълумотларни алоҳида сўров, аниқ ҳуқуқбузарлик ёки индивидуал текширувсиз автоматик равишда солиқ органларига юбориш ушбу кафолатни амалда заифлаштиради.

Айрим иштирокчилар Конституциянинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга оид нормаларига ҳам мурожаат қилган. Уларнинг таъкидлашича, фуқаронинг қанча пул олиши, кимдан маблағ қабул қилиши ва кимга пул юбориши унинг шахсий молиявий ҳаётига оид маълумот ҳисобланади.

Шу сабабли фақат ўтказмалар умумий суммасининг маълум чегарадан ошиши фуқарони автоматик равишда солиқ назорати объектига айлантириш учун етарли асос бўла олмайди.

Муҳокама қатнашчиларидан бири бундай маълумотлардан фойдаланишга “суд қарорисиз ҳеч қандай рухсат бўлмаслиги керак”лигини таъкидлаган.

Ҳукумат қарори билан янги ваколат берилиши мумкинми?

Фойдаланувчилар лойиҳанинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар иерархиясига мослиги бўйича ҳам саволлар кўтарган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга кўра, қуйи турувчи ҳужжат юқорироқ юридик кучга эга бўлган ҳужжатга зид келмаслиги керак.

Изоҳларда ҳукумат қарори орқали банклар ва фуқаролар учун қонунда аниқ кўрсатилмаган янги мажбуриятларни жорий этиш мумкин эмаслиги қайд этилган. Агар амалдаги қонунлар банк маълумотларини фақат муайян ҳолатларда ва асослантирилган сўров бўйича олишга рухсат берса, автоматик ахборот алмашинуви учун алоҳида қонуний асос керак бўлиши мумкин.

Муҳокама иштирокчилари Солиқ кодексида банкларга индивидуал сўров юбориш тартиби мавжудлиги, лойиҳада эса айрим маълумотларни сўровсиз ва доимий равишда узатиш таклиф қилинаётганига эътибор қаратган.

Уларнинг фикрича, бу ҳукумат қарори билан Солиқ қўмитасининг ваколатларини амалда кенгайтиришга олиб келиши мумкин.

“Қўшимча маълумотлар” тушунчаси аниқ эмас

Лойиҳада солиқ органлари зарурат туғилганда банклардан қўшимча маълумотлар сўраши мумкинлиги кўрсатилган.

Бироқ жамоатчилик вакиллари “қўшимча маълумотлар” тушунчасининг чегараси аниқ белгиланмаганини таъкидламоқда.

Қайси ҳолатда қандай маълумот сўралиши, у қанча муддат сақланиши, кимлар ундан фойдаланиши ва фуқаро бу ҳақда хабардор қилинадими — бу саволларга аниқ жавоб берилмаган.

Шунингдек, айрим иловаларда тақдим этиладиган маълумотлар таркиби кейинчалик Марказий банк ва Солиқ қўмитаси ўртасидаги келишув асосида ўзгартирилиши мумкинлиги қайд этилган.

Изоҳ муаллифларининг фикрича, фуқаролар қайси маълумотлари давлат органларига берилишини олдиндан аниқ билиши керак. Маълумотлар рўйхатининг идоралараро келишув орқали кенгайтирилиши ҳуқуқий аниқлик ва ҳуқуқий ишонч тамойилларига оид хавфларни юзага келтиради.

Ҳар бир йирик ўтказма даромад эмас

Муҳокамада 500 БҲМдан ортиқ тушум ҳар доим ҳам тадбиркорлик фаолияти ёки солиққа тортиладиган даромадни англатмаслиги алоҳида таъкидланган.

Фуқароларнинг шахсий карталарига тушадиган маблағларнинг келиб чиқиши турлича бўлиши мумкин. Масалан:

  • илгари берилган қарзнинг қайтарилиши;
  • автомобиль, уй-жой ёки бошқа мол-мулкни сотишдан тушган пул;
  • даволаниш ёки таълим учун йиғилган ёрдам маблағлари;
  • тўй, маросим, эҳсон ёки “гап” учун йиғилган пул;
  • дўстлар ва ҳамкасблар ўртасида умумий харажатларни бўлишиш;
  • чет элдан юборилган шахсий ёрдам;
  • бир неча кишининг пулини вақтинча битта картада жамлаш.

Бундай ўтказмалар шаклан йирик тушум бўлса-да, фуқаронинг фойдаси ёки тадбиркорликдан олган даромади ҳисобланмаслиги мумкин.

Лойиҳада яқин қариндошлардан келиб тушган айрим маблағларни истисно қилиш назарда тутилган. Бироқ муҳокама иштирокчилари одамлар фақат яқин қариндошлари билан эмас, дўстлари, ҳамкасблари, узоқ қариндошлари ва танишлари билан ҳам пул муносабатларига киришишини қайд этган.

Уларнинг фикрича, фақат “яқин қариндошлар” учун истисно белгиланиши ҳаётдаги барча қонуний операцияларни қамраб олмайди.

Натижада фуқаро ўз картасига тушган пул тадбиркорлик даромади эмаслигини солиқ органларига ҳужжатлар билан исботлашга мажбур бўлиши мумкин.

Бу эса “аввал шубҳали деб топиш, кейин фуқаронинг ўзидан бегуноҳлигини исботлашни талаб қилиш” тамойилига ўхшаб қолиши ҳақида эътирозлар билдирилган.

Аҳоли нақд пулга қайтиши мумкин

Муҳокамадаги асосий иқтисодий хавотирлардан бири — лойиҳа нақдсиз тўловлардан фойдаланишни камайтириши мумкинлиги.

Агар фуқаролар картага тушган йирик маблағ солиқ текшируви, ҳисобварақнинг чекланиши ёки қўшимча ҳужжат талаб қилинишига сабаб бўлишидан қўрқса, пулни банк орқали эмас, нақд шаклда олишни афзал кўриши мумкин.

Бу эса лойиҳадан кутилаётган натижанинг аксини бериши эҳтимоли бор.

Яширин иқтисодиётни қисқартириш ўрнига пул айланмасининг бир қисми банк тизимидан ташқарига чиқади. Банклар кўриб турган шаффоф операциялар камайиб, кузатиш қийин бўлган нақд ҳисоб-китоблар кўпаяди.

Айрим изоҳ муаллифлари буни “қош қўяман деб кўз чиқариш”га қиёслаган.

Кичик савдо билан шуғулланувчилар, фрилансерлар, уй шароитида маҳсулот тайёрловчилар ва онлайн хизмат кўрсатувчиларни расмий фаолиятга ўтказиш ўрнига, уларни нақд пул ёки норасмий тўлов усулларига йўналтириш хавфи ҳам қайд этилган.

Фуқаролардан бири солиқ маъмуриятчилиги мажбурлашга эмас, аҳолининг давлатга ишониб, ўз ихтиёри билан фаолиятини расмийлаштиришига шароит яратишга асосланиши кераклигини таъкидлаган.

Банклардаги омонатлар камайиши мумкин

Изоҳларда лойиҳа P2P-ўтказмалардан ташқари, умуман банк тизимига бўлган ишончга ҳам таъсир қилиши мумкинлиги қайд этилган.

Муҳокама иштирокчиларининг фикрича, аҳоли ўз ҳисобварақлари ва омонатлари ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда солиқ органларига берилишидан хавотир олса, пулларини банкда сақлашни камайтириши мумкин.

Бу жисмоний шахсларнинг омонатлари қисқариши, банкларнинг ресурс базаси ва ликвидлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Банклар омонатлардан иқтисодиётга кредит ажратиш учун ресурс сифатида фойдаланади. Шу сабабли аҳоли маблағларининг банк тизимидан ташқарига чиқиши кредитлаш имкониятларига ҳам таъсир қилиши эҳтимоли мавжуд.

Изоҳларда аҳоли эндигина банк карталари, мобил иловалар ва омонатлардан фаол фойдаланишни бошлаган бир пайтда бундай ташаббус банк тизимига шаклланаётган ишончни сусайтириши мумкинлиги таъкидланган.

Молиявий махфийликнинг заифлашиши хорижий инвесторлар учун ҳам салбий сигнал бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Инвесторлар учун давлат органларининг ваколатлари аниқ чегаралангани, молиявий маълумотлар ҳимоялангани ва қонун устуворлиги муҳим омил ҳисобланади.

Маълумотларнинг сизиб чиқиш хавфи

Солиқ органларига катта ҳажмдаги банк маълумотлари тақдим этилиши уларни сақлаш ва ҳимоя қилиш масаласини ҳам келтириб чиқармоқда.

Янги тизим орқали кўплаб фуқароларнинг кимдан, қачон ва қанча пул олгани ҳақидаги маълумотлар ягона ахборот базасида тўпланиши мумкин.

Муҳокама иштирокчилари бунда маълумотларнинг сизиб чиқиши, ноқонуний фойдаланиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва коррупция хавфи мавжудлигини таъкидлаган.

Уларнинг фикрича, лойиҳада камида қуйидаги кафолатлар белгиланиши керак:

  • маълумотларга кирган ҳар бир ходимни идентификация қилиш;
  • барча мурожаат ва маълумот кўриш ҳолатларини автоматик қайд этиш;
  • маълумотлардан ноқонуний фойдаланганлик учун алоҳида жавобгарлик белгилаш;
  • маълумотларнинг сақланиш муддатини чеклаш;
  • фуқаронинг маълумотлари қайси орган томонидан олингани ҳақида унга хабар бериш;
  • маълумотлардан фойдаланиш устидан мустақил назорат ўрнатиш.

Бундай кафолатлар бўлмаса, банк сирига оид маълумотларнинг бир тизимда жамланиши қўшимча хавф манбаига айланиши мумкин.

Назоратни давлат амалдорларидан бошлаш таклиф қилинди

Муҳокамадаги изоҳлардан бирида банк ҳисобварақлари ва омонатларга оид кенгайтирилган назоратни аввало давлат амалдорларига нисбатан қўллаш таклиф қилинган.

Фикр муаллифига кўра, давлат мансабдорларининг молиявий фаолияти очиқ бўлиши коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини камайтиришга хизмат қилади.

Оддий фуқароларнинг банк маълумотлари эса фақат қонунда аниқ белгиланган асос, индивидуал текширув ёки суд қарори мавжуд бўлганда олиниши керак.

Бошқа иштирокчилар ҳам банк маълумотларига кириш ёппасига эмас, хавфга асосланган ёндашув орқали амалга оширилишини таклиф қилган.

Масалан, мунтазам равишда кўплаб шахслардан тўлов қабул қилиш, операцияларнинг савдо фаолиятига ўхшашлиги ёки солиқ ҳисоботлари билан банк айланмалари ўртасида катта тафовут мавжудлиги индивидуал текширув учун асос бўлиши мумкин.

Бироқ фақат умумий сумма мезонига таянган ҳолда барча операцияларни автоматик юбориш ортиқча чорага айланиши мумкинлиги қайд этилган.

Солиқдан қочишга қарши курашиш зарурати ҳам тан олинди

Муҳокамадаги деярли барча фикрлар танқидий бўлса-да, айрим иштирокчилар солиқдан бўйин товлаш ва яширин тадбиркорликка қарши курашиш зарурлигини инкор этмаган.

Ҳақиқатан ҳам айрим шахслар рўйхатдан ўтмасдан савдо ёки хизмат кўрсатиб, мижозлардан тўловларни шахсий картасига қабул қилиши мумкин.

Фойдаланувчилардан бири лойиҳа солиқдан қочишга қарши курашишга ёрдам беришига умид билдирган, бироқ у солиқ органларига ортиқча ваколат бермаслиги ва тадбиркорларга зарар етказмаслиги кераклигини қайд этган.

Шу сабабли асосий баҳс солиқ назоратининг ўзи зарур ёки зарур эмаслиги ҳақида эмас. Асосий савол — бу назорат қайси чегарада, қандай ҳуқуқий асосда ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қандай кафолатлар билан амалга оширилишида.

Лойиҳани қайта ишлаш ёки рад этиш талаб қилинмоқда

Жамоатчилик муҳокамасидаги фикрларнинг умумий мазмуни лойиҳани ҳозирги шаклда қабул қилмаслик кераклиги ҳақидаги позицияга бориб тақалади.

Айрим фойдаланувчилар ҳужжатни бутунлай кун тартибидан чиқаришни талаб қилган. Бошқалар эса уни Конституция, “Банк сири тўғрисида”ги қонун, Солиқ кодекси ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.

Муҳокама иштирокчиларидан бири лойиҳа қабул қилинса, аҳолининг нафақат банкларга, балки ҳукуматга бўлган ишончи ҳам “нолга тушиши” мумкинлигини ёзган.

Фуқароларнинг фикрича, шахсий ҳисобварақлар ва пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларнинг аниқ ҳуқуқбузарлик ёки индивидуал текширувсиз солиқ органларига юборилиши одамлар томонидан ёппасига кузатув сифатида қабул қилиниши мумкин.

Бу эса аҳолида “ҳар бир фуқаро олдиндан шубҳали деб қаралмоқда” деган тасаввурни шакллантириши, давлат органларига маълумот тақдим этишдан қочиш ва молиявий операцияларни яширишга ундаши эҳтимоли бор.

Шунингдек, бундай тизим жорий қилинган давлатлар тажрибасини ўрганиш, унинг банк омонатлари, нақд пул айланмаси ва яширин иқтисодиётга таъсирини олдиндан баҳолаш талаб этилмоқда.

Муҳокама иштирокчиларининг фикрича, солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш фуқароларнинг банк сири, шахсий ҳаёти ва молиявий маълумотлари дахлсизлигини заифлаштириш ҳисобига амалга оширилмаслиги керак.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+