Асосий ставка қачон пасайтирилади? Марказий банк шартларни маълум қилди
Марказий банк асосий ставкани пасайтириш учун аниқ муддат белгиламаган. Инфляция 2027 йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизга тушиши кутилса-да, пул-кредит сиёсатини юмшатиш нархлар ўсиши ва инфляцион кутилмалар барқарор пасайишига боғлиқ бўлади. Регулятор 2027 йилда ҳам қатъий пул-кредит шароитларини сақлашни кўзда тутмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки 2027 йилда қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни, инфляция 5 фоизлик мақсадли даражада барқарорлашганидан кейингина уларни босқичма-босқич юмшатишни кўзда тутмоқда.
Бу ҳақда регуляторнинг 2027 йил ва 2028–2029 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсати асосий йўналишлари концептуал лойиҳасида маълум қилинган.
Ҳужжатга кўра, Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига 2027 йилнинг иккинчи ярмида эришишни кутмоқда. Кейинги икки йилда эса нархлар ўсиши ушбу даража атрофида барқарор шаклланиши прогноз қилинган.
Бунда инфляцияни пасайтиришга ички талаб ўсишининг мувозанатлашуви, қатъий пул-кредит шароитлари, ташқи нарх босимининг юмшаши ҳамда ишлаб чиқариш имкониятларининг кенгайиши ёрдам бериши кутилмоқда.
Хусусан, 2026 йилда энергия ресурслари ва коммунал хизматлар тарифлари оширилишининг бирламчи таъсири йиллик инфляция ҳисобидан чиқиб кетиши 2027 йилда инфляцияни 0,8–0,9 фоиз бандга пасайтириши мумкин.
Шунингдек, базавий инфляциянинг келгуси йилда 4–5 фоизгача тушиши прогноз қилинмоқда.
Асосий ставкани пасайтириш учун қандай шартлар бажарилиши керак?
Марказий банк пул-кредит шароитларини юмшатиш бўйича қарорларни муайян календарь муддатларга боғламаслигини билдирган.
Регуляторнинг баҳолашича, бунинг учун умумий ва базавий инфляция барқарор пасайиши, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари 5 фоизлик мақсадга яқинлашиши ҳамда иқтисодиётдаги талаб ишлаб чиқариш имкониятларига мувофиқлашиши керак.
Бундан ташқари, ташқи иқтисодий хатарларнинг камайиши, бюджет сиёсати параметрларининг барқарорлиги ва тартибга солинадиган нархлар ислоҳотининг асосий босқичлари якунланиши ҳам муҳим шартлар сифатида кўрсатилган.
Асосий сценарийга кўра, 2027 йилда банклараро пул бозоридаги UZONIA ставкасининг реал даражаси 6–7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. 2028–2029 йилларда эса пул-кредит шароитларининг мўътадиллашуви билан мазкур кўрсаткич 4–5 фоизгача пасайиши мумкин.
Бироқ бу асосий ставка келгуси йилда 6–7 фоизга туширилишини англатмайди. UZONIAнинг реал даражаси инфляция таъсири ҳисобга олинган банклараро фоиз ставкаси бўлиб, регулятор асосий ставка бўйича олдиндан белгиланган йўналиш ёки мажбуриятни назарда тутмаяпти.
Марказий банк қатъий пул-кредит шароитлари сўмдаги омонатларнинг жозибадорлигини сақлаш, кредитлаш ўсишини мувозанатлаштириш ва ички талаб орқали юзага келадиган инфляцион босимни чеклашга хизмат қилишини кутмоқда.
2029 йилгача қандай мақсадлар белгиланган?
Марказий банк келгуси уч йилда пул-кредит сиёсатини бешта устувор йўналишда ривожлантиришни кўзда тутган.
Биринчи йўналиш — нархлар барқарорлиги. Регулятор инфляцияни 5 фоиз атрофида сақлаш билан чекланмай, аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси нархлар ўсиши бўйича кутилмаларини ҳам ушбу даражага яқинлаштиришни мақсад қилган.
Бу аҳоли ва бизнес ўз истеъмол, жамғариш ҳамда инвестиция қарорларини нисбатан барқарор нархлар шароитида режалаштиришига имкон бериши кутилмоқда.
Иккинчи йўналиш — асосий ставканинг кредит ва омонатларга таъсирини кучайтириш. Марказий банк асосий ставкадаги ўзгаришлар банклараро пул бозори орқали депозит ва кредит ставкаларига тўлиқроқ узатилишини таъминламоқчи.
Бунинг учун банк тизими ликвидлигини бошқариш механизмлари такомиллаштирилади, фоиз коридори қайта кўриб чиқилади ва UZONIA ставкасининг бозордаги аҳамияти оширилади.
Учинчи йўналиш — молия бозорларини ривожлантириш. Бунда банклараро пул бозори, валюта ва фоиз хатарларини камайтиришга хизмат қилувчи хеджирлаш инструментлари ҳамда ишончли даромадлилик эгри чизиғини шакллантириш назарда тутилган.
Мазкур ўзгаришлар банклар ва инвесторларга турли муддатдаги молиявий ресурслар қийматини баҳолаш, фоиз ва валюта хатарларини бошқариш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Тўртинчи йўналиш — миллий валютага ишончни ошириш. Марказий банк сўмдаги жамғармалар улушини кўпайтириш, депозит ва кредитлар долларлашувини камайтиришни мақсад қилган.
Регуляторнинг фикрича, сўмдаги омонатларнинг ижобий реал даромадлилигини сақлаш аҳоли ва бизнеснинг миллий валютада маблағ жамғаришга қизиқишини қўллаб-қувватлайди.
Бешинчи йўналиш — шаффофлик ва ҳисобдорлик. Марказий банк прогнозлар, асосий ставка бўйича қарорлар ҳамда уларнинг иқтисодий асосларини жамоатчиликка янада тушунарли ва текшириш мумкин бўлган шаклда етказишни кўзда тутган.
Шу мақсадда пул-кредит сиёсати коммуникацияси стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Кредитлаш суръатлари секинлашиши кутилмоқда
Марказий банкнинг асосий сценарийсида иқтисодиётдаги кредит қўйилмалари қолдиғи ўсиши 2026 йилдаги 14–16 фоиздан 2027 йилда 12–14 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 10–12 фоизгача мўътадиллашиши прогноз қилинган.
Бу банклар кредит ажратишни қисқартириши шартлигини англатмайди. Гап кредит портфелининг ўсиш суръати босқичма-босқич пасайиши ҳақида кетмоқда.
Регулятор кредитлашнинг жадал ўсиши истеъмол ва инвестиция талабини кучайтириши, бу эса ишлаб чиқариш имкониятлари етарлича кенгаймаган шароитда инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкинлигини қайд этган.
Шу билан бирга, ишлаб чиқариш қувватларини оширишга йўналтирилган кредитлар узоқ муддатда иқтисодиётнинг таклиф имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Марказий банкнинг муқобил сценарийларидан бирида янги хорижий банкларнинг бозорга кириши ва давлат банкларини хусусийлаштириш жадаллашиши натижасида кредитлаш тезроқ ўсиши эҳтимоли ҳам баҳоланган.
Бундай ҳолатда инфляция асосий сценарийга нисбатан 0,6–0,9 фоиз банд юқори шаклланиши мумкин. Регулятор бу каби вазиятда қатъий пул-кредит шароитларини узоқроқ сақлаш зарурати юзага келишини истисно этмаяпти.
Таъкидлаш жоизки, Марказий банкнинг 2027–2029 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари ҳозирча концептуал лойиҳа ҳисобланади. Ҳужжат бўйича таклиф ва эътирозлар 16 ноябргача қабул қилинади.
Аввалроқ Pinkod Марказий банк 2026 йил якуни учун иқтисодий ўсиш прогнозини 8 фоизга, инфляция прогнозини эса 7 фоизга оширгани ҳақида хабар берган эди.









