Asia Alliance Bank бошқарув раисининг икки ўринбосари лавозимни тарк этган бўлиши мумкин
Банкнинг корпоратив маълумотларига кўра, Asia Alliance Bank аффилланган шахслари рўйхатидан бошқарув раиси биринчи ўринбосари Обиджон Норкулов ҳамда раис ўринбосари Акмал Мансуров чиқарилган. Шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтидан уларга тегишли саҳифалар ҳам олиб ташланган.

Asia Alliance Bank АТБ аффилланган шахслари рўйхатида ўзгариш юз берди. Банкнинг корпоратив маълумотларига кўра, 10 февраль куни мазкур рўйхат янгиланган.
Янгиланиш натижасида икки нафар жисмоний ва икки нафар юридик шахс аффилланган шахслар рўйхатидан чиқарилган.

Рўйхатдан чиқарилган шахсларнинг биринчиси — Норкулов Обиджон Одилович. У банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Норкулов 2018 йилдан Asia Alliance Bank бошқарув раисининг ўринбосари, 2023 йил ноябридан эса биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Иккинчи шахс — Мансуров Акмал Шукҳратович бўлиб, у банк бошқарув раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритган. Мансуров ушбу лавозимга 2024 йил март ойида тайинланганди.
Айни пайтда Asia Alliance Bank’нинг расмий веб-сайтида банк бошқаруви таркибида фақат раис — Абдуазимов Умиджон Абдуазим ўғли кўрсатилган. Ўринбосарларга оид саҳифаларни интернет қидирув тизимлари орқали топиш мумкин, бироқ ҳаволаларга кирилганда маълумотлар ўчириб ташлангани кўринади.
Аффилланган шахслар рўйхатидан чиқарилиш нимани англатади?
Аффилланган (банкка алоқадор) шахслар — бу банк фаолиятига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёки банк назорати остида бўлган шахслардир.
Банкларда йирик акциядорлар, кузатув кенгаши аъзолари ҳамда бошқарув аъзолари — жумладан бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари автоматик тарзда аффилланган шахслар ҳисобланади.
Шу сабабли Обиджон Норкулов ва Акмал Мансуров ушбу рўйхатдан чиқарилган бўлса, бу юридик жиҳатдан битта нарсани англатади: улар эндиликда банк бошқаруви аъзолари эмас.
Демак, улар эгаллаб турган раис ўринбосари лавозимларидан озод этилган бўлиши мумкин. Аффилланган шахслар рўйхатидаги бундай ўзгариш одатда банкдаги кадрлар алмашинувининг расмий ва ҳуқуқий тасдиғи ҳисобланади.









