АҚШда FED мустақиллигига босим: Жером Пауэллга жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилинмоқда
АҚШда FED раиси Жером Пауэллга нисбатан жиноий жавобгарлик таҳдиди сиёсий можарога айланди. Пауэлл буни марказий банкка босим ўтказиш ва фоиз ставкаларини тез пасайтиришга қаратилган уриниш деб баҳоламоқда.

АҚШда Федерал резерв тизими (FED) раиси Жером Пауэлл билан боғлиқ вазият сиёсий можаро даражасига чиқди.
Reuters хабар беришича, Трамп маъмурияти Пауэллни ўтган ёзда Конгрессда берган баёнотлари сабабли жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилмоқда. Гап FED’га қарашли биноларни реконструкция қилиш лойиҳаси юзасидан берилган гувоҳлик ҳақида кетмоқда.
Пауэллнинг маълум қилишича, АҚШ Адлия вазирлиги Федерал резерв тизимига нисбатан катта ҳайъат (grand jury) орқали чақирув қоғозлари юборган. Расмий сабаб сифатида Вашингтондаги FED биноларини таъмирлаш ва янгилаш лойиҳасига ажратилган маблағларнинг тўғри сарфлангани текширилаётгани кўрсатилган. Ушбу лойиҳа қиймати 2,5 миллиард долларга баҳоланган.
Бироқ Пауэлл бу текширувни сиёсий босим воситаси деб ҳисобламоқда. Унинг таъкидлашича, реконструкция масаласи фақат баҳона бўлиб, асл мақсад — FED’га босим ўтказиш ва фоиз ставкаларини Президент Доналд Трамп хоҳишига кўра тезроқ ва кескинроқ пасайтиришга мажбур қилишдир. Пауэллнинг айтишича, FED қарорларини сиёсий буйруқлар асосида эмас, иқтисодий вазият ва инфляция хавфларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилади.
“Бу таҳдидлар менинг ўтган июндаги гувоҳлигим ёки бино таъмири билан боғлиқ эмас. Гап шундаки, FED фоиз ставкаларини Президент истаганидек белгиламаяпти”, — деди Пауэлл.
Мазкур ҳолат Конгрессда ҳам кескин муносабатларга сабаб бўлди. Республика партиясидан сенатор, Сенатнинг банк тизими бўйича қўмитаси аъзоси Том Тиллис Адлия вазирлигининг мустақиллиги савол остида қолаётганини айтди. У ушбу ҳуқуқий масала тўлиқ ҳал бўлмагунча Трамп томонидан FED’га тавсия этиладиган барча номзодларга, жумладан бўлажак янги раис номзодига ҳам қарши овоз беришини билдирди.
Президент Доналд Трамп эса журналистларга берган изоҳида Адлия вазирлигининг бу ҳаракатларидан хабари йўқлигини айтди. Шу билан бирга, у Пауэллни иқтисодий сиёсат ва FED бинолари лойиҳаси бўйича танқид қилишни давом эттирди.
Иқтисодчи ва экспертлар ушбу вазиятни АҚШда марказий банк мустақиллигига жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, FED’нинг сиёсий босимдан мустақил бўлиши инфляцияни назорат қилиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.









