АҚШ ва Россия ҳам бор: Ўзбекистон шахсий маълумотлар эркин узатилиши мумкин бўлган 49 давлатни белгилади
Ҳукумат шахсга доир маълумотлар етарли даражада ҳимоя қилиниши тан олинган 49 та давлат рўйхатини тасдиқлади. Эндиликда АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Япония ва Европанинг аксарият мамлакатларига маълумотларни ваколатли органдан алоҳида рухсат олмасдан узатиш мумкин. Рўйхатга кирмаган давлатлар учун эса қўшимча ҳуқуқий, ташкилий ва техник талаблар амал қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 415-сон қарори билан шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат 3 августдан кучга кирди.
Қарорга кўра, шахсга доир маълумотлар Ўзбекистондагига тенг даражада ҳимоя қилиниши тан олинган 49 та давлатга маълумот узатишда ваколатли давлат органининг рухсати талаб этилмайди.
Шунингдек, маълумотлар узатилаётгани ҳақида ваколатли органга олдиндан хабар бериш мажбурияти ҳам бекор қилинади. Бироқ маълумотлар базаси мулкдори ёки оператори уларнинг ошкор бўлиши ва тарқалиб кетишининг олдини олиши шарт.
Рўйхатга АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Россия, Жанубий Корея, Сингапур, Швейтсария ва Япония каби давлатлар киритилган. Гонконг, Жерси, Гернси, Мен ороли ва Фарер ороллари ҳам алоҳида ҳудуд сифатида қайд этилган.
| № | Давлат | № | Давлат |
|---|---|---|---|
| 1 | Австрия | 26 | Лихтенштейн |
| 2 | АҚШ | 27 | Люксембург |
| 3 | Андорра | 28 | Мальта |
| 4 | Аргентина | 29 | Мэн ороли (Буюк Британия) |
| 5 | Бельгия | 30 | Нидерландия |
| 6 | Болгария | 31 | Норвегия |
| 7 | Бразилия | 32 | Польша |
| 8 | Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги | 33 | Португалия |
| 9 | Венгрия | 34 | Россия |
| 10 | Германия | 35 | Руминия |
| 11 | Гернси (Буюк Британия) | 36 | Сингапур |
| 12 | Гонконг (Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди) | 37 | Словакия |
| 13 | Греция | 38 | Словения |
| 14 | Дания | 39 | Уругвай |
| 15 | Жерси (Буюк Британия) | 40 | Фарер ороллари (Дания) |
| 16 | Ирландия | 41 | Финляндия |
| 17 | Испания | 42 | Франция |
| 18 | Исландия | 43 | Хорватия |
| 19 | Исроил | 44 | Чехия |
| 20 | Италия | 45 | Швейцария |
| 21 | Канада | 46 | Швеция |
| 22 | Кипр | 47 | Эстония |
| 23 | Корея | 48 | Янги Зеландия |
| 24 | Латвия | 49 | Япония |
| 25 | Литва |
Рўйхатга кирмаган давлатларга маълумот узатиш тақиқланмайди. Бундай ҳолатда оператор ваколатли орган белгилайдиган ҳуқуқий, ташкилий ва техник талабларни бажариши керак бўлади.
Жумладан, маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича намунавий шартлар ва мажбурий корпоратив қоидаларга қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилади. Ички ишлар вазирлиги уларни Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан биргаликда уч ой ичида тасдиқлаши керак.
Трансчегаравий узатиш вақтида шахсий маълумотлар тарқалиб кетгани аниқланса, оператор ваколатли органга 24 соат ичида хабар бериши шарт. Ҳодисанинг сабаблари ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш учун кўрилган чоралар ҳақидаги батафсил маълумот эса 72 соат ичида тақдим этилади.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистоннинг шахсга доир маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлашда фуқароларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1981-йилги Страсбург конвенциясига қўшилиши бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.









