11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 27 дақиқа ичида
Бозор
30

АҚШ фонд бозори бир кунда 3,2 трлн доллар қийматини йўқотди

АҚШ фонд бозорида сунъий интеллект соҳасига киритилаётган улкан инвестициялар ўзини оқлаши ва тармоқ устидан назорат кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар оммавий сотувларга сабаб бўлди. 5 ноябрдаги савдоларда компанияларнинг умумий бозор қиймати 3,2 трлн долларга қисқарди, Nvidia ва бошқа технологик гигантлар акциялари кескин арзонлашди. Натижада Nasdaq индекси 5,52 фоизга қулаб, 2025 йил апрелидан буён энг катта кунлик пасайишни қайд этди.

АҚШ фонд бозори бир кунда 3,2 трлн доллар қийматини йўқотди

5 ноябрь куни АҚШ фонд бозорида кенг кўламли сотувлар кузатилди. Financial Times ҳисоб-китобларига кўра, S&P Composite 1500 индексига кирувчи компанияларнинг умумий бозор қиймати бир кун ичида 3,2 трлн долларга қисқарди. Бу аср бошидан буён қайд этилган энг йирик кунлик йўқотишлардан бири бўлди.

Савдолар якунида АҚШнинг асосий фонд индекслари сезиларли пасайди. Хусусан, S&P 500 индекси 4,36 фоизга тушиб, 7 353,73 пунктни ташкил этди. Технологик компаниялар улуши юқори бўлган Nasdaq Composite 5,52 фоизга, Dow Jones эса 3,44 фоизга арзонлашди. Nasdaq 100 индексидаги пасайиш 6,4 фоизга етди.

Энг катта йўқотишлар сунъий интеллект инфратузилмаси ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ компанияларга тўғри келди.

Жумладан, Nvidia акциялари 9,3 фоизга, AMD 17,3 фоизга, CoreWeave 9,8 фоизга арзонлашди. Яримўтказгич ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар акцияларини кузатиб борувчи Philadelphia Semiconductor индекси эса 12,2 фоизга пасайди.

Пасайишга АҚШдаги оралиқ сайловларда Демократик партиянинг ғалабаси ортидан сунъий интеллект саноатини тартибга солиш кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туртки бўлди.

Инвесторлар янги сиёсий шароитда маълумотлар марказлари қурилишига чекловлар қўйилиши ва сунъий интеллект инфратузилмасига йўналтирилаётган миллиардлаб долларлик инвестициялар секинлашишидан хавотирда.

Бундай чекловлар чиплар, серверлар ва маълумотлар марказлари учун ускуналарга бўлган талабни камайтириши мумкин. Айнан шу талаб сўнгги йилларда Nvidia ва бошқа технологик компаниялар акцияларининг кескин қимматлашишига асосий омиллардан бири бўлиб келган.

Шу билан бирга, инвесторлар сунъий интеллектга сарфланаётган катта маблағлар қанчалик тез фойда келтиришига ҳам шубҳа билан қарамоқда. Юқори фоиз ставкалари ва молиялаштириш харажатларининг ошиши соҳадаги компанияларга қўшимча босим яратмоқда.

Натижада Nasdaq Composite индекси 6 октябрда қайд этилган тарихий максимумидан 11,9 фоизга пасайди. Бу индекснинг расман коррекция ҳудудига кирганини англатади. Фонд бозорида рекорд даражадан камида 10 фоизлик пасайиш коррекция ҳисобланади.

5 ноябрдаги сотувлар АҚШ фонд индекслари учун 2025 йил апрелида президент Дональд Трампнинг янги бож тарифлари ортидан кузатилган бозор қулашидан буён энг оғир савдо кунига айланди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+