Анҳор бўйидаги 3,2 гектарлик давлат мулки 660 млрд сўмга аукционга қўйилди
Тошкент марказида, Анҳор бўйида жойлашган иккита йирик давлат кўчмас мулки аукционга чиқарилди. Минор масжиди ва Анҳор Парк яқинидаги жами 3,2 гектарлик объектларнинг бошланғич нархи 660,2 млрд сўмни ташкил этади. Савдолар 28-сентабр куни ўтказилиши режалаштирилган.

E-auksion’да Юнусобод тумани, Матонат МФЙ, Шароф Рашидов кўчаси 13 ва 13а-уй манзилларидаги иккита нотурар бино савдога қўйилди.
Лотлар Тошкент марказидаги Анҳор канали бўйида, Минор масжиди ҳамда Анҳор Парк яқинида жойлашган. Анҳор Парк ҳам канал бўйлаб жойлашган йирик дам олиш масканларидан бири ҳисобланади.
Шароф Рашидов кўчаси 13-уйдаги объект 436,3 млрд сўм бошланғич нархда баҳоланган. Унинг ер майдони 2 гектар. Ёнидаги 13а-уйдаги яна 1,2 гектарлик объект эса 223,9 млрд сўмдан савдога чиқарилган.
Шу тариқа, бир-бирига яқин жойлашган икки лотнинг умумий майдони 3,2 гектар, бошланғич қиймати эса 660,23 млрд сўмни ташкил қилади. Майдонга нисбатан ҳисоблаганда бир гектар ўртача 206,3 млрд сўм, бир сотих эса қарийб 2,1 млрд сўмга тўғри келади.
Бунда 2 гектарлик объектнинг бир гектарга ҳисобланган бошланғич қиймати қарийб 218,2 млрд сўм, 1,2 гектарлик лотники эса 186,6 млрд сўмни ташкил этади.
Объектларнинг жойлашуви савдони алоҳида эътиборга молик қилади. Гап шаҳарнинг марказий қисмидаги оддий кўчмас мулк эмас, Анҳор бўйида ва йирик жамоат масканлари ёнида жойлашган катта ер майдонлари ҳақида кетмоқда. Шу сабаб лотларнинг қийматида мавжуд бино-иншоотлардан кўра ер майдони ва локация асосий омиллардан бири бўлиб турибди.
Ҳудуднинг ўзи илгари Анҳор бўйидаги спорт ва дам олиш инфратузилмасининг бир қисми бўлган. 2013 йилдаги манбаларда Минор қабристони яқинида байдарка ва каноэ базаси ҳамда Жисмоний тарбия институтининг спорт базаси жойлашгани қайд этилган. 2014 йилда эса Анҳор соҳили бўйлаб Минор масжидигача чўзилган пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этилиб, ҳудудда аквапарк ва болалар парки ташкил этиш ҳам режалаштирилган эди.
Объектлар Президентнинг 28 августдаги ПФ-177-сон фармони билан хусусийлаштириладиган давлат активлари рўйхатига киритилган. Ҳужжатда улар Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси балансида экани кўрсатилган.
Э-аукцион маълумотларига кўра, иккала лот бўйича ҳам савдо 28-сентабр соат 10:00га белгиланган. 436,3 млрд сўмлик объект учун закалат 13,1 млрд сўм, 223,9 млрд сўмлик объект учун эса 6,7 млрд сўмни ташкил қилади. Аризалар ўша куни соат 09:00гача қабул қилинади.









