11 985.100 so‘m

increase

12.750

13 923.090 so‘m

increase

71.080

148.860 so‘m

increase

1.340

11 985.100 so‘m

increase

12.750

5 кун аввал
Иқтисодиёт
75

5 кунлик иш ҳафтаси, ипотека енгилликлари ва мукофотлар: тиббиёт ходимлари учун янги имтиёзлар жорий этилмоқда

2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади.

Ҳар йили шифокорлар кунида ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида йиллик мукофот берилади. 

Шунингдек, 15 йиллик стажга эга тиббиёт ходимларининг фарзандларига контракт тўловининг бир қисми қопланади, 500 нафар ходимга эса ипотека бадалининг 25 фоизи тўлаб берилади.

5 кунлик иш ҳафтаси, ипотека енгилликлари ва мукофотлар: тиббиёт ходимлари учун янги имтиёзлар жорий этилмоқда
Фото: AI / Pinkod.uz

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида мукофотланади.

Шунингдек, ҳар йили соғлиқни сақлаш тизимининг илғор муассасалари ва мутахассислари ўртасида танлов ўтказилади.

Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ташкил этилади:

  • республика миқёсида: “Энг яхши республика шифохонаси раҳбари” ва “Энг яхши ҳудудий соғлиқни сақлаш органи раҳбари”;
  • ҳудудлар кесимида: “Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари”, “Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари”, “Энг яхши туман (шаҳар) шифокори”, “Энг яхши ўрта тиббиёт ходими”, “Энг яхши оилавий поликлиника”, “Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси” ва “Энг яхши ҳудудий шифохона”.

Ғолиблар Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан қуйидаги миқдорда мукофотланади:

  • тиббиёт муассасаларига — 500 млн сўм;
  • шифокор ва раҳбар ходимларга — 30 млн сўм.

Ғолиблар Тиббиёт ходимлари куни арафасида эълон қилинади. Улар давлат мукофотларига тавсия этилади ҳамда хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда замонавий ўқув дастурлари асосида малака ошириш имкониятига эга бўлади.

2026 йил 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасаларида беш кунлик иш ҳафтаси жорий этилади. Иш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик тартибида фаолият олиб борилади.

Қарорга биноан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун бир қатор янги имтиёзлар ва рағбатлар белгиланди:

Туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини татбиқ этиб, ижобий натижага эришган шифокорлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида мукофотланади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган ходимларнинг фарзандларига олий таълимдаги йиллик контракт тўловининг 30% қисми, лекин БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган миқдорда, Жамғарма томонидан қоплаб берилади.

Халқаро индексланувчи, юқори импакт-факторли журналларда мақола чоп этган мутахассисларнинг барча харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Ҳар йили камида 15 йиллик стажга эга 500 нафар ходим учун ипотека асосида уй харид қилганда дастлабки бадалнинг 25% қисми Жамғарма ҳисобидан қоплаб берилади.

2026 йилдан миллий аккредитациядан ўтган муассасалар ходимларига лавозим маошининг 10% миқдорида ойлик устама тўланади.

Бундан ташқари, қўшимча ижтимоий имтиёзлар ҳам назарда тутилган: 

— Камида 3 йиллик стажга эга ходимларга ҳар йили бепул юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилади.

— 15 йил ва ундан ортиқ тажрибага эга ходимларга ҳар йили санаторий йўлланмаси бепул берилади. 

— Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун барча турдаги давлат хизматлари тўловлари икки баробар камайтирилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+