11 990.540 so‘m

decrease

-12.390

13 136.840 so‘m

decrease

-19.570

146.240 so‘m

decrease

-0.500

11 990.540 so‘m

decrease

-12.390

Якин 3 соат ичида
Иқтисодиёт
38

36 фоизгача зарар: олтин нархи нега пасаймоқда ва 2027 йилда нимани кутиш мумкин?

Ўзбекистонда 5 граммлик олтин қуйма нархи 8,32 млн сўмгача пасайиб, йил бошидан бери энг паст даражага тушди.

Йил бошида олтин сотиб олган инвесторлар уни ҳозир банкка қайта сотса, сармоясининг қарийб 21 фоизини, рекорд нархларда харид қилганлар эса 36 фоиздан ортиғини йўқотиши мумкин. 

Pinkod.uz олтин нархларининг ўзгариши, инвесторларнинг эҳтимолий зарарлари ва халқаро молия институтларининг прогнозларини таҳлил қилди. 

36 фоизгача зарар: олтин нархи нега пасаймоқда ва 2027 йилда нимани кутиш мумкин?

Марказий банк маълумотларига кўра, 25 ноябрь куни Ўзбекистонда бир грамм олтиннинг сотув нархи 1,664 млн сўмгача тушди. Қимматбаҳо металл бир кун ичида 2,4 фоизга арзонлашиб, 2025 йилнинг 10 декабридан бери энг паст даражага етди.

Айни пайтда олтин қуймаларининг сотув ва қайтариб сотиб олиш нархлари қуйидагича шаклланган:

Қуйма оғирлигиСотув нархиҚайтариб сотиб олиш нархи
5 грамм8,320 млн сўм6,922 млн сўм
10 грамм16,640 млн сўм13,843 млн сўм
20 грамм33,280 млн сўм27,687 млн сўм
50 грамм83,200 млн сўм69,217 млн сўм
100 грамм166,400 млн сўм138,434 млн сўм

Олтин нархи йил бошидан бери қанча пасайди?

2026 йилнинг 5 январь куни банклар 5 граммлик олтин қуймани 8,735 млн сўмдан сотган бўлса, уни қайтариб сотиб олиш нархи 8,395 млн сўмни ташкил этган. Ўша пайтда икки нарх ўртасидаги тафовут 340 минг сўм ёки 3,9 фоизга тенг эди.

Бугунга келиб қуймаларнинг сотув нархи йил бошига нисбатан 4,8 фоизга пасайган бўлса, банкларнинг қайтариб сотиб олиш нархи 17,5 фоизга тушган.

Бунда сотув ва қайтариб сотиб олиш нархлари ўртасидаги тафовутнинг кескин кенгайиши ҳам муҳим роль ўйнаган. Хусусан, 5 граммлик қуймада бу фарқ йил бошидаги 340 минг сўмдан 1,398 млн сўмгача ёки 3,9 фоиздан 16,8 фоизгача ошган.

Шу тариқа, йил бошидан бери икки нарх ўртасидаги тафовут 4,1 баробарга кенгайган.

Йил бошида олтин сотиб олганлар қанча зарар кўриши мумкин?

Инвесторнинг амалдаги даромади ёки зарарини ҳисоблашда қуйманинг бугунги сотув нархига эмас, балки банкнинг уни қайтариб сотиб олиш нархига эътибор қаратиш лозим.

Масалан, 5 январь куни 5 граммлик олтин қуймани 8,735 млн сўмга харид қилган инвестор бугун уни банкка 6,922 млн сўмга сотиши мумкин. Бунда унинг зарари 1,813 млн сўмни ёки дастлабки сармоясининг 20,8 фоизини ташкил этади.

100 граммлик қуймада эса йўқотиш 36,26 млн сўмга етади. Йил бошида 174,694 млн сўмга харид қилинган бундай қуймани ҳозир банкка 138,434 млн сўмга сотиш мумкин.

Қуйма оғирлиги5 январдаги харид қиймати25 ноябрдаги қайта сотиш қийматиЗарар
5 грамм8,735 млн6,922 млн1,813 млн
10 грамм17,469 млн13,843 млн3,626 млн
20 грамм34,939 млн27,687 млн7,252 млн
50 грамм87,347 млн69,217 млн18,130 млн
100 грамм174,694 млн138,434 млн36,260 млн

Агар инвестор йил бошида 100 млн сўмлик маблағининг 96,082 млн сўмига 55 грамм олтин сотиб олганида, бугун ушбу қуймаларни банкка 76,139 млн сўмга сотиши мумкин эди. 

Яъни инвестор қарийб 20 млн сўм зарар кўрган бўларди. Бунда инфляция таъсири ҳисобга олинмаган.

Рекорд нархларда олтин сотиб олганлар сармоясининг учдан бир қисмидан кўпроғини йўқотиши мумкин

Ўзбекистонда олтин қуймаларининг сотув нархи 3 март куни тарихий рекорд даражага кўтарилган эди. Ўшанда 5 граммлик қуйма 10,864 млн сўмдан, 100 граммлик қуйма эса 217,281 млн сўмдан сотилган.

Ўтган давр мобайнида қуймаларнинг сотув нархи 23,4 фоизга пасайди. Бироқ рекорд нархларда олтин сотиб олган инвесторларнинг эҳтимолий зарари бундан анча юқори.

Хусусан, 3 март куни 5 граммлик қуйма сотиб олган инвестор уни бугун банкка қайта сотса, 3,942 млн сўм ёки 36,3 фоиз зарар кўради. 100 граммлик қуймада эса йўқотиш қарийб 78,8 млн сўмга етади.

Қуйма оғирлиги3 мартдаги харид қиймати25 ноябрдаги қайта сотиш қийматиЗарар
5 грамм10,864 млн6,922 млн3,942 млн
10 грамм21,728 млн13,843 млн7,885 млн
20 грамм43,456 млн27,687 млн15,769 млн
50 грамм108,641 млн69,217 млн39,424 млн
100 грамм217,281 млн138,434 млн78,847 млн

Инвесторлар дастлабки сармояларини тиклашлари учун банкларнинг олтин қуймаларини қайтариб сотиб олиш нархи сезиларли даражада ошиши керак.

Йил бошида қуйма харид қилганлар учун бу кўрсаткич 26,2 фоизни, рекорд нархларда харид қилганлар учун эса 56,9 фоизни ташкил этади. Бошқача айтганда, 36,3 фоизлик зарарни қоплаш учун нархнинг шунча фоизга ўсиши етарли эмас.

Жаҳон бозорида олтин нега арзонлашмоқда?

25 ноябрь куни жаҳон бозорида олтиннинг бир трой унцияси нархи 3 545 доллар атрофида шаклланиб, сўнгги 14 ойдаги энг паст даражага тушди.

Олтин нархига босим ўтказаётган асосий омиллардан бири АҚШ Федерал резерв тизимининг пул-кредит сиёсати билан боғлиқ. Хусусан, инвесторлар декабрь ойида асосий фоиз ставкасининг яна оширилишини кутмоқда.

Юқори фоиз ставкалари АҚШ давлат облигациялари каби даромад келтирувчи активларнинг жозибадорлигини оширади. Олтин эса ўз эгасига фоиз ёки дивиденд шаклида даромад келтирмайди. Натижада инвесторлар маблағларининг бир қисмини бошқа молиявий воситаларга йўналтириши мумкин.

Бундан ташқари, АҚШ долларининг мустаҳкамланиши ҳам олтин нархига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Халқаро молия институтлари қандай прогноз бермоқда?

Сўнгги ойлардаги кескин пасайишга қарамай, йирик халқаро банклар олтиннинг узоқ муддатли истиқболига нисбатан ижобий қарашларини сақлаб қолмоқда. Бироқ уларнинг айримлари аввалги прогнозларини сезиларли даражада пасайтирган.

Goldman Sachs ноябрь ойида 2027 йил якуни учун олтин нархи прогнозини икки марта қайта кўриб чиқди. Банк дастлаб прогнозини 5 400 доллардан 4 800 долларга, кейинчалик эса 4 650 долларгача пасайтирди.

Банк таҳлилчилари юқори фоиз ставкалари 2027 йил бошида ҳам олтин нархига босим ўтказиши мумкинлигини кутмоқда. Шу билан бирга, марказий банкларнинг олтин харидларини давом эттириши ва келгусида АҚШда фоиз ставкаларининг пасайиши нархларнинг тикланишига ёрдам бериши мумкин.

Goldman Sachs 2028 йил якунида олтиннинг бир трой унцияси нархи 5 600 долларга етишини прогноз қилмоқда.

Швейцариянинг UBS банки ҳам 2026 йил якуни учун прогнозини пасайтириб, бир трой унция олтин нархи 4 500 долларни ташкил этишини кутмоқда. Банк 2027 йил якуни учун 5 000 долларлик прогнозини сақлаб қолган.

JPMorgan 2027 йил охирига келиб олтин нархи 4 500 долларгача тикланишини кутаётган бўлса, Германиянинг Commerzbank банки нисбатан эҳтиёткор прогнозни илгари сурмоқда — 4 100 доллар.

Молия институти2027 йил якуни учун прогнозЖорий нархга нисбатан
UBS$5 000+41%
Goldman Sachs$4 650+31,2%
JPMorgan$4 500+26,9%
Commerzbank$4 100+15,7%

Олтин нархининг тикланиши инвесторлар фойдага чиқишини англатадими?

Йирик халқаро молия институтлари 2027 йилда олтин нархи тикланишини кутмоқда. Бироқ Ўзбекистонда олтин қуймаларига сармоя киритган инвесторлар учун жаҳон бозоридаги нархнинг ўсиши ягона ҳал қилувчи омил эмас.

Доллар курсининг сўмга нисбатан ўзгариши, шунингдек, Марказий банк томонидан белгиланадиган маржа ва чегирмалар ҳам инвесторнинг якуний даромадига бевосита таъсир кўрсатади.

Айниқса, сотув ва қайтариб сотиб олиш нархлари ўртасидаги тафовутнинг йил бошидаги 3,9 фоиздан 16,8 фоизгача кенгайиши олтин қуймаларининг қисқа муддатли инвестиция воситаси сифатидаги жозибадорлигини сезиларли даражада пасайтирмоқда.

Ҳатто бугунги нисбатан паст нархларда олтин харид қилган инвестор ҳам дастлабки сармоясини қайтариб олиши учун банкнинг қайтариб сотиб олиш нархи камида 20,2 фоизга ошиши керак.

Шу сабабли жаҳон бозорида олтин нархи тикланган тақдирда ҳам маҳаллий инвесторларнинг қачон зарарларини тўлиқ қоплай олиши очиқ масала бўлиб қолмоқда.


Мазкур материал инвестициявий тавсия ҳисобланмайди. Ҳисоб-китоблар 25 ноябрь куни эълон қилинган нархлар асосида, олтин қуймаларининг қадоғи бут бўлиши шарти билан амалга оширилган. Инфляция ва қўшимча харажатлар ҳисобга олинмаган. Молия институтларининг прогнозлари келгусидаги даромадни кафолатламайди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+