12 694.970 so‘m

increase

40.840

14 878.500 so‘m

increase

60.510

161.600 so‘m

increase

0.420

12 694.970 so‘m

increase

40.840

16 соат аввал
Иқтисодиёт

2025 йилнинг биринчи ярмида сўм мустаҳкамланди: доллар курсининг пасайишига нима сабаб бўлди?

2025 йилнинг биринчи ярмида ўзбек сўми 262 сўмга ёки 2 фоиздан кўпроққа мустаҳкамланди. Июнь ойида АҚШ доллари қисқа муддатда 370 сўмдан ортиққа қадрсизланиб, 24 июнь куни 12 410,99 сўмгача тушди. Ой якунида эса курс 12 654,13 сўмгача кўтарилди.

2025 йилнинг биринчи ярмида сўм мустаҳкамланди: доллар курсининг пасайишига нима сабаб бўлди?
Фото: AI/Pinkod.uz

2025 йилнинг январь-июнь ойларида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан барқарор мустаҳкамланишда давом этди. Июнь ойида миллий валюта 114,13 сўмга ёки қарийб 1 фоизга қимматлаб, 12 654,13 сўмни ташкил этди.

Ой давомида доллар курсида кескин пасайиш кузатилди. Жумладан, 24 июнь куни АҚШ доллари сўнгги 17 ой ичидаги энг паст қиймат — 12 410,99 сўмгача тушди. Сўнгги маротаба бундай паст курс 2024 йилнинг январида қайд этилган эди. Бироқ бу пасайиш вақтинчалик бўлиб чиқди. 30 июндан бошлаб доллар курси 67,72 сўмга кўтарилиб, 12 654,13 сўмни ташкил этди. Натижада, ой якунидаги сўнгги тўрт кун ичида доллар курси 240 сўмдан ортиққа ошди.

Таққослаш учун, 2024 йил давомида ўзбек сўми нисбий ҳисобда 4,7 фоизга (мутлақ ҳисобда — 581,78 сўмга) қадрсизланган эди. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса аксинча — сўм 2 фоиздан кўпроққа ёки 262 сўмга мустаҳкамланди.

Доллар курсининг тушишига нима сабаб бўлди?

Доллар курсининг пасайишига бир қатор ички ва ташқи омиллар таъсир кўрсатмоқда. Энг аввало, АҚШ доллари нафақат ўзбек сўмига, балки глобал миқёсда кўплаб бошқа валюталарга нисбатан ҳам қадрсизланмоқда. Буни Доллар индексининг (ДХЙ) 2022 йилда Россия—Украина уруши бошланганидан буён энг паст даражага тушгани тасдиқлайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий валюта оқими ҳам долларга бўлган ички эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилмоқда. 2025 йилнинг биринчи чорагида мамлакатга юборилган трансчегаравий пул ўтказмалари 32 фоизга ўсиб, $3,3 миллиардни ташкил этди. 2024 йил давомида эса умумий жўнатмалар ҳажми 30%га ошиб, $14,8 миллиардга етган.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банкининг халқаро бозорда олтин савдосидаги фаоллиги ҳам муҳим роль ўйнамоқда. 2025 йил бошидан буён мамлакатнинг олтин захиралари 26 тоннага камайгани бу савдонинг миқёсини кўрсатади. Олтин сотилиши орқали мамлакатга қўшимча валюта кириб келмоқда, бу эса ички бозорнинг долларга эҳтиёжини камайтириб, сўмнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимовнинг таъкидлашича, миллий валюта курсининг барқарорлигига бир нечта асосий омиллар сабаб бўлмоқда:

"Биринчидан, пул ўтказмалари оқими ортмоқда. Иккинчидан, мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ошмоқда. Учинчидан, биринчи чоракда импорт аввалгидек кескин ўсмади. Шунингдек, олтиндан ташқари товарлар экспорти ҳам кўпаймоқда", — дея изоҳ берган Марказий банк раиси ўринбосари.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+