1,5 млрд тонна захира, қора металл назорати ва $200 млн: Бекободда металлургия соҳаси учун қандай вазифалар белгиланди?
Президент Шавкат Мирзиёев Бекободда металлургия саноатини ривожлантириш бўйича янги вазифаларни белгилади. Йиғилишда қора металл айланмасини рақамлаштириш, сунъий интеллект орқали харажатларни қисқартириш, янги темир захираларини ўзлаштириш ҳамда хусусий корхоналарни хомашё билан таъминлаш учун $200 млн ажратиш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Бекобод шаҳрида қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари қора металлургия қурилиш, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби умумий ҳажми $50 млрд бўлган иқтисодиёт тармоқларининг асосий хомашё манбаларидан бири эканини таъкидлади.
Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда пўлат листлар, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга талаб уч баробар ошиб, йилига 5,5 млн тоннага етган. 2030 йилгача бу кўрсаткич яна 1,5 баробар кўпайиб, 8 млн тоннадан ошиши кутилмоқда.
Жумладан, қурилаётган атом электр станцияси, тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводининг ўзи учун қарийб 2,5 млн тонна пўлат лист ва арматура талаб этилади.
500 минг тонна металл парчалари хуфиёна айланмада қолмоқда
Ҳозирда Ўзбекистон металлургия комбинати металл прокатнинг 40 фоизини иккиламчи металл ҳисобига, қолган 60 фоизини эса импорт хомашёсидан ишлаб чиқармоқда.
Республика бўйича ҳар йили комбинатга 700 минг тонна қора металл парчалари топширилмоқда. Бироқ яна 500 минг тонна металл парчалари хуфиёна айланмада қолаётгани қайд этилди.
Шу сабабли қора металл билан боғлиқ жараёнларни реал вақт режимида назорат қилишга мўлжалланган электрон тизим жорий этилади. Ҳукумат таркибида алоҳида лойиҳа офиси ташкил қилиниб, у металл маҳсулотлари бозорини ҳар куни таҳлил қилади.
Шунингдек, маҳсулотнинг сифати, келиб чиқиши, физик ва кимёвий таркиби акс эттирилган рақамли паспорт юритилади. Мутасаддиларга бир ой ичида лойиҳа офисини ишга тушириш ва 1 августдан “E-lom” электрон платформаси орқали қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди.
Хомашё импорти учун $200 млн ажратилади
Йиғилишда мамлакатда 150 га яқин кичик ва ўрта хусусий металлургия корхонаси фаолият юритаётгани таъкидланди. Уларни хомашё билан барқарор таъминлаш учун четдан металл хомашёсини марказлашган ҳолда олиб келадиган алоҳида компания ташкил этилади.
Ушбу компанияга $200 млн ажратилади. Импорт қилинган хомашё фақат биржа орқали сотилиши белгиланмоқда.
1,5 млрд тонна темир рудаси захираси мавжуд
Президентга мамлакат ҳудудида 1,5 млрд тонна темир рудаси захираси мавжудлиги ҳақида ахборот берилди.
“Сурун-ота” конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёси олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган. Концентратни 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон металлургия комбинатига етказиб бериш вазифаси қўйилди.
“Тебинбулоқ” конини келгуси уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 млн тонна пўлат ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёси сотиб олиш бўйича меморандум имзоланган.
Самарқанддаги хусусий корхоналардан бирига темир кони ажратилса, у хомашё қазиб олишга $500 млнгача инвестиция киритишга тайёрлигини билдирган. Ўзбекистон металлургия комбинати эса Форишдаги 32 млн тонна ресурсга эга “Темиркон”ни ўзлаштиришни таклиф қилган.
Мутасаддиларга темир ва уни бойитиш учун зарур бўлган марганец ҳамда ферросилиций каби минераллар захирасини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, бир ойда янги геология дастурини тайёрлаш топширилди.
Йилига 1 млн тонна пўлат лист ишлаб чиқарилади
Ташриф давомида президент Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган янги Қуюв-прокатлаш мажмуасини ҳам ишга туширди. Бу мамлакатда иссиқ прокатланган пўлат листларни ишлаб чиқариш бўйича биринчи лойиҳа ҳисобланади.
Мажмуада йилига 1 млн тонна ёки 8 трлн сўмлик пўлат лист ишлаб чиқарилади. Бу Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган талабини тўлиқ қоплаши кутилмоқда. Лойиҳа доирасида 1,2 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Шунингдек, комбинатда “Сурун-ота” хомашёсини қайта ишлаш учун қиймати $180 млн бўлган янги металлургия заводини қуриш режалаштирилган.
Келгуси уч йилда $30 млн инвестиция ҳисобига пўлат шарлар ишлаб чиқариш қуввати 250 минг тоннадан 500 минг тоннага оширилади. Комбинат ҳудудида ташкил этиладиган “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки”да эса жорий йилнинг ўзида $70 млнлик олтита лойиҳа бошланиб, яна 660 та иш ўрни яратилади.
Сунъий интеллект орқали харажатлар қисқартирилади
Йиғилишда металлургия саноатини рақамлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларига сунъий интеллектни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Олмалиқ кон-металлургия комбинатида сунъий интеллект ёрдамида операцион харажатлар, маҳсулот таннархи ва энергия сарфини камайтириш, шунингдек, меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича дастлабки натижалар олинганини қайд этди.
Жумладан, самосвалларга онлайн кузатув ускуналари ўрнатилиб, сунъий интеллект орқали оптимал йўналишлар танлангани ҳисобига 1,5 минг тонна дизель ёқилғиси ёки 22 млрд сўм тежалган. Экскаватор тишларининг емирилишини олдиндан прогноз қилиш эса технологик йўқотишларни 4 млрд сўмга камайтирган.
Бошқа металлургия комбинатларида ҳам рақамлаштириш ва сунъий интеллект орқали ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини 20 фоизга ошириш, маҳсулот таннархини 10 фоизга ва энергия сарфини 15 фоизга камайтириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, техник хизмат кўрсатиш харажатлари ва технологик узилишларни 20 фоизга қисқартириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинатида сунъий интеллект ёрдамида металл парчалари таркибидаги нометалл буюмларни аниқлаш орқали йилига 25 млрд сўм тежаш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди. Эритиш печларига «ақлли» датчиклар ўрнатилиши эса электр энергияси харажатларини йилига $3 млнга камайтириши мумкин.
Темир захиралари сунъий интеллект ёрдамида ўрганилади
Йиғилишда Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари мавжуд бўлиши мумкинлиги таъкидланди.
Йирик металлургия лойиҳаларида темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилиций каби хомашёларга талаб ортиши кутилмоқда. Шу муносабат билан мутасаддиларга истиқболли майдонларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ҳамда бир ой ичида темир ва уни бойитиш учун зарур минераллар захирасини кўпайтиришга қаратилган геология дастурини киритиш топширилди.
Ҳудудлар раҳбарларига мазкур геология ва қазиб олиш лойиҳаларига йирик хусусий инвесторларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.









