1 октябрдан жаримани бир ой ичида 50% тўлаган тадбиркор қолганидан озод этилиши мумкин
Шунингдек, жаримани олти ой давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш ҳам назарда тутилмоқда.

13 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Таклифлар ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назорати самарадорлигини оширишни назарда тутади.
Тақдимотда таъкидланишича, бугунги кунда молиявий жарималарни қўллаш амалиётида тадбиркорлар учун қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, жарималарнинг асосий қисми ваколатли органлар томонидан, қолган қисми эса судлар томонидан қўлланаётгани суд назоратини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан жорий йил 1 октябрдан молиявий жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантирувчи янги ва ягона тартибни жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, тадбиркорлик субъекти ваколатли органнинг қарори топширилган кундан бошлаб бир ой ичида жариманинг 50 фоизини тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, жаримани олти ой давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш ҳам назарда тутилмоқда. Бунда қарор топширилганидан кейин бир ой ичида жарима суммасининг олтидан бир қисми тўланса, мазкур тартиб автоматик тарзда амал қилади.
Суд назоратини кучайтириш мақсадида яна бир механизм таклиф этилди. Унга кўра, ваколатли органнинг молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда ундирилган маблағлар 15 кун ичида қайтарилиши лозим.
Агар ушбу муддат бузилса, кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун Марказий банкнинг асосий ставкаси асосида фоиз ҳисобланади.
Молиявий жарималарни қўллаш жараёнларини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бизнес-омбудсман томонидан юритиладиган “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида тадбиркорларга нисбатан қўлланган молиявий жарималарнинг электрон реестрини жорий этиш таклиф қилинди.
Ваколатли органларнинг қарорлари қабул қилингач, улар электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, ушбу тизимга киритилиши шарт бўлади. Ахборот тизимига киритилмаган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда улар асосида жарима ундирилмайди.
Бундан ташқари, мобил илова орқали молиявий жарималар ҳисобини юритиш, уларни мониторинг қилиш ва онлайн тўлаш имкониятини яратиш, шунингдек манфаатдор идораларнинг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, солиқ тўловчи — тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети орқали молиявий жарима тўғрисидаги қарорлар устидан онлайн шикоят бериш ҳамда шикоят киритилиши билан қарор ижросини автоматик равишда тўхтатиб туриш имкониятини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартибини унификация қилишга қаратилган “Ҳуқуқий таъсир чоралари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи ҳам билдирилди.
Давлат раҳбари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни қонунга риоя этган ҳолда фаолият юритишга рағбатлантириш ҳамда жарима қўллаш амалиётида адолат ва шаффофликни таъминлаш энг муҳим вазифалардан эканини таъкидлади.
Мутасаддиларга таклифларни пухта ишлаб чиқиш, суд назоратини кучайтириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва соҳада ягона, аниқ ҳамда адолатли ҳуқуқий механизмни шакллантириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.









