Нега Трамп Панама каналини қайтариб олмоқчи?
АҚШнинг янги президенти ўзининг кўплаб баёнотларида Панама каналини мамлакат бошқарувига қайтариб олишини айтиб ўтди. Хўш, нега бу канал мамлакатлар учун шунчалик муҳим?
Панама канали узоқ вақтдан бери АҚШ тарихидаги баҳсли мавзулардан бири бўлиб келган. Сўнгги пайтларда Доналд Трампнинг бу борадаги баёнотлари яна кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У канални қайтариб олиш учун ҳарбий куч ишлатиш эҳтимолини билдирди, Панамани ноҳақ амалиётларда айблади ва Хитойнинг канал устидан назорат ўрнатганига оид даъволар қилди. Бироқ, нега бу канал мамлакатлар учун шунчалик муҳим?
Трампнинг айбловлари
Доналд Трамп Панама канали бўйича бир нечта баҳсли баёнотлар берди. У Панама каналини хитойлик аскарлар назорат қилаётганида ва АҚШ кемаларидан ҳаддан ташқари юқори тарифлар ундиришда айблади. Трамп агар тарифлар пасайтирилмаса, канал устидан тўлиқ назоратни қайтариб олиш билан таҳдид қилди. Унинг бу масалани кўтаришига нима сабаб бўлгани аниқ эмас, аммо даъволари айрим республикачилар томонидан 1977 йилдаги Панама каналига оид шартномаларга билдирилган танқидларга ўхшаб кетади. Роналд Рейган бир вақтлар шундай деган эди: “Биз уни сотиб олдик, биз уни қуриб битказдик, у бизга тегишли”.
Канал кимга тегишли?
Франциянинг муваффақиятсиз уринишидан сўнг, АҚШ 1904-1914 йиллар оралиғида Панама каналини қуриб битказди. Узоқ йиллар давомида АҚШ канални бошқариб, унинг атрофидаги ҳудудни назорат қилди. Бироқ, бу назорат Панама билан зиддиятларни келтириб чиқарди. 1964 йилдаги норозиликлар ва тартибсизликлар натижасида шартномаларни қайта кўриб чиқишга тўғри келди.
1977 йилда АҚШ президенти Жимми Картер ва Панаманинг ўша даврдаги раҳбари Омар Торрижос томонидан имзоланган Торрижос-Картер шартномалари каналнинг бетарафлигини кафолатлаб, 2000 йилга келиб назоратни Панамага ўтказишни белгилади. 1999 йилдан бери Панама каналини мамлакатнинг ўзи бошқаради ва у давлат муҳим даромад манбаига айланди.
Панама каналининг аҳамияти
Панама канали халқаро савдо, ҳарбий стратегия ва глобал иқтисодий барқарорликда алоҳида ўрин тутади. Атлантика ва Тинч океанларини боғловчи бу канал дунёдаги энг муҳим транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. У кемаларга Жанубий Американинг хавфли ва узоқ Cape Horn ҳудудини айланиб ўтишни талаб қилмайдиган қисқа ва хавфсиз йўлни тақдим этади. Жаҳон савдосининг тахминан 5 фоизи айнан шу канал орқали ўтади, бу эса нефть, дон маҳсулотлари, электроника ва турли истеъмол товарларини етказиб беришда муҳим ўрин ўйнайди.
Бундан ташқари, Панама канали халқаро савдони арзонлаштириш ва вақтни тежаш орқали глобал иқтисодиётга катта ҳисса қўшади.
Масалан, канал орқали ўтишда юк ташувчи компаниялар йўл харажатларини сезиларли даражада қисқартириши мумкин, бу эса товар нархларига ижобий таъсир кўрсатади.
АҚШ учун Панама канали алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Канал Шарқий қирғоқ ва Осиё давлатлари ўртасидаги самарали транспорт йўлларини таъминлаб, Америка экспорти ва импорти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳарбий жиҳатдан олганда, Панама канали АҚШ денгиз кучлари учун тезкорлик билан Атлантика ва Тинч океанлари ўртасида ҳаракатланиш имкониятини яратади. Бу, айниқса, АҚШ миллий хавфсизлиги учун стратегик устунликни таъминлайди.
Канал шунингдек, геосиёсий кучлар ўртасидаги таъсир доиралари учун ҳам аҳамиятли. Уни назорат қилиш, нафақат савдо учун, балки қудратли давлатларга халқаро савдо йўлларида устунлик беради. Масалан, канални бошқариш орқали юк ташиш тизимини оптималлаштириш ёки бошқа давлатларга нисбатан иқтисодий босим ўтказиш имкони пайдо бўлади.
Панаманинг жавоби ва Хитойнинг алоқадорлиги
Панама президенти Хосе Раул Мулино Трампнинг даъволарини рад этиб, шундай деди: “Панама Каналининг ҳар бир квадрат метри Панамага тегишли”.
Канал тарифлари Панама канал маъмурияти томонидан очиқ равишда белгиланади ва улар кеманинг ҳажми, бозор шароитлари ҳамда эксплуатация харажатларига асосланган. Тарифларнинг ошиши эса сувни тежаш мақсадида юк ташиш қувватининг камайиши билан боғлиқ.
Трампнинг “хитойлик аскарлар канални бошқаради” деган даъволари нотўғри. Аммо Хитойнинг Панамада иқтисодий манфаатлари мавжуд. Гонконгда жойлашган CK Hutchison Holdings компанияси канал киришидаги иккита портни бошқаради. Айрим экспертлар Хитой разведка мақсадларида кемачилик операцияларидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотир билдиришган, бироқ ҳарбий назоратга оид асосли далиллар мавжуд эмас. Шунингдек, Хитой каналнинг АҚШдан кейинги энг йирик фойдаланувчиси ҳисобланади. 2017 йилда Панама Тайванни тан олишдан воз кечиб, Хитой билан дипломатик алоқаларни ўрнатган эди.
АҚШ канални қайтариб олиши мумкинми?
АҚШ Панама каналини қайтариб олиши жуда мураккаб масаладир. Торрижос-Картер шартномалари каналнинг бетарафлигини кафолатлайди ва ҳеч бир давлатга махсус имтиёзлар бермайди. Панамалик расмийлар, жумладан президент Мулино канал сотилмаслигини қатъий таъкидлашган. АҚШ назарий жиҳатдан Ҳарбий куч ишлатиши мумкин, аммо бу халқаро қонунларни бузилишига олиб келади ва мамлакатнинг халқаро обрўсига жиддий зарар етказади.
Экспертлар Трампнинг таҳдидларини қуруқ гап сифатида баҳоламоқда. Бенжамин Гаден, Вашингтондаги Уилсон Марказининг Лотин Америкаси дастури директори бу борада шундай деди: “Агар АҚШ халқаро қонунларни бузишни истаса ва Владимир Путин каби ҳаракат қилса, Панамага бостириб кириб, канални қайтариб олиши мумкин. Аммо бундай ҳаракатни ҳеч ким қонуний деб қабул қилмайди”.